Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова Жиззахда таълим соҳасида очиқ мулоқот ўтказди
2025-04-03 09:25:00 / Янгиликлар

Даставал Устозлар, илмий конференциялар ва танловлар мавзусида янги таклифлар муҳокама қилинди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова Жиззах вилоятида вилоятдаги таълим муассасалари раҳбарлари ва устозлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Мулоқотда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев ҳам иштирок этди. Тадбирда таълим соҳасининг ривожига қаратилган долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Вазир Ҳилола Умарова мулоқот давомида юртбошимизнинг таълим соҳасига кўрсатаётган алоҳида эътиборига тўхталиб, таълимни ривожлантириш борасида барчанинг бирдек масъулиятли эканлигини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, давлат раҳбарининг 51-сонли Фармонида белгиланган топшириқлар ижроси юзасидан фикр алмашилди, мазкур Фармон мазмуни ва моҳияти кенг жамоатчиликка етказишда муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Мулоқотда таълим соҳасидаги барча иштирокчиларнинг фикр ва мулоҳазалари эътиборга олиниб, шу билан бирга, таълимни ривожлантириш йўлида ҳамкорликда иш олиб бориш борасида келгусидаги режалаштирилган тадбирлар ҳақида маълумотлар берилди.
Бу каби очиқ мулоқотлар таълим соҳасида юзага келган янги имкониятлар ва инновацион ғояларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим ўрин тутади.
Шу билан бирга, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова Шароф Рашидов туманидаги 32-мактабда бўлди. Бу ерда Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори асосида “Жасорат мактаби” фаолияти йўлга қўйилган.
Уларда математика, чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик, тарих, жисмоний тарбия, чет тили, физика фанлари чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади.
Бундан ташқари Абдулла Авлоний номидаги Педагогик маҳорат институти андозасида қурилаётган Жиззах вилояти педагогик маҳорат маркази биноси, қурилиш ишлари билан танишилди.
Марказда фаолият юритаётган 23 мингдан ортиқ ўқитувчилар, 4 мингдан ошиқ мактабгача таълим мутахассислари малакасини ошириш учун етарли моддий ва илмий имкониятларга эга бўлиши, асосий талаб сифатга қаратилиши кераклиги айтилди.
Жиззах вилоятида ўтказилган мулоқот, таълим тизимини янада такомиллаштириш ва ёш авлодга юқори сифатли таълим беришда янги босқични бошлаб беради албатта..






