Вилоят ҳокимининг мурожаати (Маҳаллий ҳокимият ва давлат органлари ходимларига)
2025-02-01 07:00:00 / Янгиликлар

Коррупция — дунё миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган глобал муаммолардан бири бўлиб, у ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади. Ушбу иллат инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келаётганини яхши биласиз. Шу боис унга қарши кураш халқаро ҳамжамият доирасида катта аҳамият касб этиб, жаҳон сиёсатининг муҳим масалаларидан бирига айланган.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш мақсадида барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ўз маърузаларида:
«Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо, албатта, муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўришимиз зарур», — деб қайта-қайта таъкидлайдилар.
Коррупция ва порахўрлик жамият барқарорлигининг муҳим асоси бўлган ижтимоий ва ҳуқуқий адолатнинг йўқолишига сабаб бўлади. Мамлакатимиз мустақиллиги, халқимиз фаровонлиги, юртимиз ривожи, гуллаб-яшнаши ва обод бўлиши ҳар бир фуқаронинг миллий ғурури қай даражада шаклланганлигига боғлиқ. Ҳар биримиз, аввало, пора олиш ва бериш иллатидан халос бўлишимиз, бошқача айтганда, «ҳалоллик вакцинаси» билан эмланишимиз зарур.
Коррупцияга нисбатан муросасизлик тамойилига амал қилган ҳолда, ҳокимликнинг барча ходимларига бевосита ёки билвосита, шахсан ёки воситачилар орқали ҳар қандай коррупциявий ҳаракатларда иштирок этиш қатъиян ман этилади. Яъни, улар ўз мансаб ва хизмат мавқеидан шахсий манфаат йўлида ноқонуний фойдаланиши, шунингдек, хизмат мавқеини суиистеъмол қилиши қатъий тақиқланади ҳамда қонуний жавобгарликка тортилади.
Ҳокимлик ходимлари одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя қилишлари, ҳокимиятнинг обрў-эътиборига, қадр-қимматига ва нуфузига салбий таъсир кўрсатадиган ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан ўзларини тийишлари шарт. Улар, шунингдек, ҳокимият фаолиятининг қонунийлиги, холислиги, ҳисобдорлиги, очиқлиги ва шаффофлигига шубҳа туғдирадиган ҳолатларга йўл қўймасликлари лозим.
Ходимлар ҳокимият манфаатларига зид келадиган ёки зид келиши мумкин бўлган шахсий манфаатлар билан боғлиқ коррупциявий ҳолатлар юзасидан вилоят ҳокимлигининг Коррупцияга қарши ички назорат бўлимини зудлик билан хабардор қилишлари шарт.
Содир этилган ҳар қандай коррупциявий жиноят сирлигича қолмайди, албатта ошкор бўлади. Шунинг учун мен сизларни огоҳлантираман: ҳар қандай жиноят учун жазо муқаррар! Буни ҳар биримиз чуқур англашимиз зарур.
Ҳокимлик ходимлари хушмуомала, илтифотли, одобли, эътиборли, қалби тоза, кўнгли очиқ ва ақл-заковатли бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Улар фуқаролар ва ҳамкасблари билан самимий муносабатда бўлиши, бир-бирини ҳурмат қилиши, иш юзасидан қўполлик қилмаслиги, ўз шаъни ва бошқалар қадр-қимматини қадрлаши шарт.
Сиз билан биз биргаликда коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борайлик!
Вилоят ҳокими в.б. У. Мустафоев
