Жиззахда маданий мерос соҳасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан матбуот анжумани ва пресс-тур ўтказилди
2025-01-31 16:00:00 / Янгиликлар

Тадбир давомида ҳоким ўринбосари Жиззах вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи ҳамда унинг 5 та филиали ҳақида маълумот берди. Бугунги кунда ушбу музейлар жамоатчиликка тарихий ва маданий экспонатларни тақдим этиб келмоқда.
Ҳозирда Жиззах вилоятида 427 та маданий мерос объекти мавжуд. Улар қуйидагилардан иборат:
268 та археологик ёдгорлик;
100 та архитектура ёдгорликлари;
59 та монументал ёдгорликлар;
Янги тадқиқотлар ва муҳофаза тадбирлари туфайли, Вазирлар Маҳкамасининг 154-сонли қарорига асосан 4 та мозаика композицияси маданий мерос рўйхатига киритилди ва умумий объектлар сони 431 тага етказилди.
Жиззах вилоятидаги музейлар ва маданий объектлар замонавий талабларга мослаштирилмоқда. Бугунги кунда музейларда:
31 867 дона экспонат мавжуд;
2 282 дона экспонат кўргазмаларда;
22 457 дона асосий фондда;
9 410 дона ёрдамчи фондда сақланмоқда;
Ташриф буюрувчилар учун 10 та аудиогид мосламаси, 2 та монитор ва 2 та сенсорли инфокиоск ўрнатилди. Бу сайёҳлар ва маҳаллий аҳолига музейлар билан танишишда катта қулайлик яратади.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 27 майдаги ПҚ-261-сонли қарори асосида музейлар соҳасини ривожлантириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, “Миллий меросга менинг ҳиссам!” умумхалқ акцияси орқали аҳолидан маданий бойликлар ва санъат асарлари харид қилинмоқда.
2023-2024 йилларда Жиззах вилоятининг Зомин ва Фориш туманларида жойлашган 2 та маданий мерос объектида 1 млрд 49 млн сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Зомин туман тарихи музейи – биноси тўлиқ қайта реконструкция қилинмоқда.
Шунингдек, Маданий мерос агентлиги билан ҳамкорликда 332 та маданий мерос объектига муҳофаза белгилари ўрнатилди. Йил якунига қадар қолган
95 объект ҳам шундай белгилар билан таъминланади.
Жиззах вилояти маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, қайта тиклаш ва ривожлантириш борасида катта ислоҳотларни амалга оширмоқда. Маданий бойликларни сақлаб қолиш ва уларни кенг оммага етказиш мақсадида музейлар модернизация қилиняпти, тарихий ёдгорликлар тикланяпти ва туризм инфратузилмаси ривожлантириляпти.
Бу саъй-ҳаракатлар нафақат вилоят аҳолиси учун, балки сайёҳлар учун ҳам катта имкониятлар яратади.
Матбуот анжумани ва пресс-тур иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.






