Хавфсиз йўлларга янги бекатлар ярашади
2025-01-22 09:40:00 / Янгиликлар

Қурилиш лойиҳасига кўра, катта магистрал йўлнинг икки тарафида илгариги ер ости пиёдалар ўтиш йўлагининг ёнгинасидан автобус бекати барпо этилмоқда.
Буюртмачи Жиззах автомобиль йўллари бош бошқармаси давлат муассасаси саналса, Шароф Рашидов туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасасининг 5 та махсус техникаси ҳамда 20 нафардан ортиқ йўлсозлари томонидан қурилиш майдонида бетон, асфальт қопламасини ётқизиш ишлари олиб борилаётир.
—25 январьга қадар ҳар иккала автобус бекатининг қурилишини якунлаб, топширишни режалаштирганмиз,—дейди Шароф Рашидов туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси директори Отабек Тошпўлатов. — Лойиҳага кўра, бу ерда иккита узунлиги 60 метр, эни олти метрли бекат, 50 метрли пиёдалар йўлаги қурилади.
Жиззах шаҳрида, айниқса, бозор қаршисидаги чорраҳа атрофида автомобильлар ва пиёдалар ҳаракатидаги тартиббузарликлар, қатор йиллардан бери шу ҳудудда кузатилиб келинган бахтсиз ҳодисалар кўпчиликни ташвишга солиб келаётгани бор ҳақиқат.
Жиззах шаҳрида сўнгги йилларда транспортлар ҳаракатининг тирбандлигини олдини олиш, пиёдалар ва автомобильлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда ер ости ва ер усти пиёдалар ўтиш йўллари, кўприклар ва бекатларнинг барпо этилаётгани бу каби муаммоларга ечим сифатида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бежизга йўл қурмоқ—савоб, йўл кезмоқ—роҳат деб ота-боболаримиз айтишмаган. Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган улкан бунёдкорлар замирида ҳам аввало, инсон омили, қадри тамойили ётибди. Барча эзгу ҳаракатлар замирида маҳаллалар ободлиги, аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилган устувор вазифалар мужассам.
“Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Обод марказ”, “Обод кўча”, “Обод хонадон”, “Илғор ҳудуд”, “Хавфсиз ва равон йўл”, “Очиқ буджет” каби қатор давлат дастурлари ва лойиҳаларининг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида шаҳар ва қишлоқларимиз кўркига кўрк қўшилди.
Одамларни йиллар давомида қийнаб келган муаммоларга бирин-кетин ечим топилиб, ижобий ҳал этилаётир.
Бир сўз билан айтганда, бу каби савобли юмушлар, лойиҳалар, давлат дастурларининг ижроси йўлсозларнинг меҳнати ва жамоатчилик назорати билан бугун ҳудудларда сифатли қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Бу аҳоли кайфиятига, ҳудудлар инфратузилмасининг яхшиланишига хизмат қилмоқда.


