ЖИЗЗАХДА КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШДА ОЧИҚЛИК ВА ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
2026-11-17 08:15:00 / Янгиликлар

Машғулотларнинг сўнгги кунида иштирокчилар «Шаффофликни таъминлаш учун фуқаролик жамияти ва ОАВ билан ўзаро ҳамкорлик» мавзусидаги дарсларда иштирок этдилар.
Семинар давомида ҳудудий кенгаш аъзолари аҳоли томонидан кўтарилаётган муаммоларни ўрганиш, хабарлардаги факт ва даъволарни фарқлаш, давлат органларининг ахборот сўровларига муносабати ҳамда очиқ маълумотлардан фойдаланиш ҳолатларини таҳлил қилдилар.
Шунингдек, амалий мисоллар асосида давлат харидлари, манфаатлар тўқнашуви ва давлат ресурсларидан фойдаланиш билан боғлиқ эҳтимолий коррупциявий хавфлар муҳокама қилинди. Бунда сўз эркинлиги кафолатлари, мурожаатларнинг ҳуқуқий турлари, фуқаролик жамияти институтларининг ваколатлари, очиқ манбалар билан ишлаш ва ахборот тарқатиш масъулияти каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
— Ўқувлар давомида иштирокчилар коррупциявий хавф-хатарларни аниқлашда фуқаролар мурожаатлари, очиқ маълумотлар, статистик кўрсаткичлар, ОАВ материаллари ва фуқаролик жамияти ташкилотлари хулосаларидан фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларини оширдилар. Шунингдек, келиб тушган хабарларни таҳлил қилишда тасдиқланган фактларни тахмин ва текширилмаган маълумотлардан ажратиш, қўшимча ахборотга эҳтиёжни баҳолаш ҳамда мурожаатларга қонуний ва асосли муносабат билдириш масалаларига урғу берилди, — дейди Журналистларни қайта тайёрлаш маркази директори ўринбосари, эксперт Нозима Тошпўлатова.
Тадбир якунида иштирокчилар коррупциявий хавф-хатарларни камайтириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ва ҳудудларда очиқликни таъминлаш бўйича ўз таклифларини билдирдилар. Ҳудудлар кесимида шакллантирилган таклифлар кўриб чиқиш учун Коррупцияга қарши курашиш агентлигига тақдим этилади. Улардан келгусида тегишли чора-тадбирларни белгилашда фойдаланиш кўзда тутилган.
Маълум қилинишича, шу кунга қадар ўтказилган машғулотлар давомида 60 дан ортиқ таклиф ишлаб чиқилган бўлиб, уларнинг 10 таси қонунчилик ҳужжатларида ўз аксини топган. Шундан тўрттаси Жиззах вилояти вакиллари томонидан илгари сурилган.
Бундай ўқувлар давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
