ЖИЗЗАХДА КИБЕРЖИНОЯТЛАРГА ҚАРШИ КУРАШИШ БЎЙИЧА КАМЧИЛИКЛАР ТАНҚИД ҚИЛИНИБ, МАСЪУЛЛАРГА ҚАТЪИЙ ТОПШИРИҚЛАР БЕРИЛДИ
2026-11-13 15:00:00 / Янгиликлар

Таъкидланганидек, вилоят ҳокимининг 2026 йил 31 январдаги қарори билан 112 та идора ва ташкилот раҳбарлари ходимларнинг киберсаводхонлигини ошириш ҳамда уларни интернет фирибгарликларидан ҳимоя қилиш бўйича масъул этиб белгиланган. Бироқ айрим раҳбарлар томонидан қарор ижросига етарлича эътибор қаратилмаётгани, тарғибот ишлари тизимли ташкил этилмагани танқид қилинди.
Бунинг оқибати рақамларда ҳам акс этмоқда. Жорий йилнинг 10 ойида вилоятда кибержиноятлар билан боғлиқ 2 411 та мурожаат келиб тушган. Фуқароларга жами 11 миллиард 384 миллион сўм моддий зарар етказилган.
Мурожаатларнинг асосий қисми Жиззах шаҳри (606 та), Шароф Рашидов (482 та), Зомин (230 та), Бахмал (187 та) ва Ғаллаорол (183 та) туманлари ҳиссасига тўғри келади.
Муҳокамада тиббиёт соҳасида профилактик ишлар суст ташкил этилгани, мактаб ва мактабгача таълим тизимида ўқувчиларнинг киберсаводхонлигини ошириш бўйича берилган топшириқлар етарли даражада бажарилмаётгани ҳам танқид қилинди. Шунингдек, маҳалла ўн еттилиги томонидан аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари кучайтирилиши зарурлиги таъкидланди.
Кибержиноятлардан жабрланаётганлар орасида хотин-қизлар, айниқса, уй бекалари салмоғи юқори. Жорий йилнинг 10 ойида 924 нафар аёл жабр кўрган бўлиб, уларнинг 427 нафари уй бекаларидир. Бу борада хотин-қизлар тизими масъулларига профилактик тадбирларни кучайтириш вазифаси юклатилди.
Шунингдек, давлат ташкилотлари ва банк тизими ходимлари иштирокида содир этилган жиноятлар ҳам муҳокама қилинди.
Жумладан, Шароф Рашидов туманидаги «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ходими нафақахўр фуқаронинг 1 миллион 950 минг сўм маблағини ўзлаштирган.
Жиззах шаҳрида банк ходими фуқаронинг хабардорлигисиз унинг номига 17 миллион сўм кредит расмийлаштириб, ўз эҳтиёжларига сарфлаган. Ҳар икки ҳолат юзасидан тегишли тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Йиғилишда кибержиноятларнинг олдини олиш учун ишлаб чиқилган «АПК Қўриқчи», «Жиззахкибермаслаҳатбот», «Хумограм», «ЖАК» ва «Жиззахкибертест» каби дастурий иловалар имкониятларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш зарурлиги қайд этилди.
Муҳокама якунида 112 та идора ва ташкилот раҳбарлари ҳамда масъул ходимларни беш кун муддатда киберхавфсизлик бўйича ўқитиш, қуйи тизимларда «Киберхавфсизлик соати» тадбирларини ташкил этиш топширилди. Ўқувлардан сўнг ходимлар махсус тест синовларидан ўтказилади.
Барча ташкилот раҳбарлари ўз ходимлари, маҳалла ўн еттилиги эса аҳоли ўртасида киберсаводхонликни ошириш учун шахсан масъул этиб белгиланди. Амалга оширилган ишлар юзасидан ҳар ўн кунда вилоят ҳокимига ахборот киритиб бориш вазифаси қўйилди.





