Жиззахда бизнесни рўйхатга олиш жараёнидаги камчиликлар танқидий муҳокама қилинди
2026-11-13 14:30:00 / Янгиликлар

Президентимизнинг ПФ–190-сонли Фармонига мувофиқ, 15 октябрдан 30 ноябрга қадар мамлакатимизда илк бор «Бизнесни рўйхатга олиш» тадбири ўтказилмоқда. Мазкур тадбир орқали барча иқтисодий бирликларни хатловдан ўтказиш, тадбиркорлик субъектларининг сони, таркиби, фаолият йўналишлари ва ҳолати бўйича аниқ маълумотлар базасини шакллантириш кўзда тутилган.
Жараённи самарали ташкил этиш мақсадида рўйхатга олиш имкониятлари кенгайтирилиб, дастлаб фақат ҳоким ёрдамчиларига берилган ваколат «маҳалла еттилиги»нинг барча вакилларига ҳам тақдим этилди. Шунга қарамай, ҳудудларда ишларнинг бориши талаб даражасида эмас.
Вилоятда рўйхатга олиниши лозим бўлган 292,3 мингта субъектнинг 178 мингтаси қамраб олинган. Айниқса, Дўстлик, Шароф Рашидов, Зарбдор, Зафаробод, Мирзачўл туманлари ва Жиззах шаҳрида кўрсаткичлар пастлигича қолмоқда.
Энг ташвишли жиҳати, рўйхатга олинган маълумотларнинг 47 мингтаси ёки 26,4 фоизи хатолик билан киритилган. Айрим ҳолларда тадбиркорлик субъектининг ўзи суратга олинмасдан, фақат маҳалла биносининг геолокацияси белгиланган.
Юридик шахсларни, хусусан, фермер хўжаликларини hisobot.stat.uz тизими орқали рўйхатдан ўтказишда ҳам сусткашликка йўл қўйилган. Режадаги 38,1 мингта субъектдан атиги 5,1 мингтаси рўйхатдан ўтказилган, холос. Ўзини ўзи банд қилган шахсларни қамраб олиш даражаси ҳам 30,2 фоиз билан чекланган. Бу ҳолат айрим ҳудудларда масъуллар томонидан иш етарлича ташкил этилмаганини кўрсатмоқда.
Муҳокама давомида туман ва шаҳар ҳокимларининг ҳисоботлари тингланиб, мавжуд камчиликлар юзасидан танқидий фикрлар билдирилди. Вилоят раҳбари рўйхатга олиш жараёнида фақат сон кўрсаткичларини ошириш эмас, балки маълумотларнинг тўғрилиги ва ишончлилигини таъминлаш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Масъулларга киритилган хатоларни уч кун муддатда бартараф этиш, ҳокимлар ҳар куни бир соат вақт ажратган ҳолда рўйхатга олиш ишларини 25 ноябрга қадар якунлаш вазифаси топширилди. Шунингдек, Солиқ бошқармаси билан ҳамкорликда беш кун ичида бухгалтерия марказлари орқали 33 мингта юридик шахснинг маълумотларини тизимга киритиш белгиланди.
Маҳалла бошқармаси раҳбарига эса маҳалла раислари билан алоҳида муҳокама ўтказиб, тадбирнинг сифатли ва белгиланган талаблар асосида ташкил этилишини таъминлаш топширилди.
Таъкидланганидек, ушбу тадбирнинг натижадорлиги шунчаки ҳисоботлардаги рақамлар билан эмас, балки иқтисодий бирликлар ҳақидаги аниқ, тўлиқ ва ишончли маълумотлар шакллантирилиши билан баҳоланади.






