ЖИЗЗАХДА КАМБАҒАЛЛИКНИ ҚИСҚАРТИРИШ ВА БАНДЛИК БЎЙИЧА ИШЛАР ТАНҚИДИЙ ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ
2026-11-13 14:00:00 / Янгиликлар

Йиғилишда ҳоким ёрдамчилари томонидан 278 мингта хонадон ва 1,1 миллион нафар аҳолининг даромад манбалари ўрганилгани, режа 72,5 фоизга бажарилгани қайд этилди. Бироқ, Дўстлик, Пахтакор, Фориш, Бахмал ва Арнасой туманларида хатлов ишлари 70 фоизга ҳам етмаган.
Бешта тоифага кирувчи 143,1 минг нафар аҳолидан атиги 41 минг нафарига ёрдам кўрсатилган. 45 та маҳаллада эса бу кўрсаткич 15 фоизга ҳам етмаган. Жумладан, Жиззах шаҳридаги «Сангзор» маҳалласида эҳтиёжи аниқланган 831 нафар аҳолидан фақат 66 нафарига ёрдам кўрсатилган. 23 та маҳаллада тадбиркорликка жалб этиш бўйича бирорта ҳам иш қилинмаган.
Ижтимоий жамғармалар маблағларидан фойдаланиш ҳам қониқарсиз деб топилди. «Ёшлар дафтари»да 12,1 миллиард, «Аёллар дафтари»да 6,2 миллиард, «Саховат ва кўмак» жамғармасида 11,6 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилмасдан қолган. Масалан, Зоминда ёшлар учун ажратилган 2,2 миллиард сўм, Жиззах шаҳрида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш учун ажратилган 600 миллион сўмдан ортиқ маблағдан самарали фойдаланилмаган.
Бандлик йўналишида сентябрь ойида 4 мингта доимий иш ўрни яратилиб, режа 100,2 фоизга бажарилган бўлса-да, Арнасой, Фориш ва Дўстлик туманларида натижалар пастлигича қолмоқда. Норасмий иш ўринларини легаллаштириш бўйича эса 6,3 мингта иш ўрни расмийлаштирилиб, режа 118 фоизга бажарилган.
Камбағал оилалар даромадини ошириш бўйича сентябрь-октябрь ойларида 5,3 мингта хизмат кўрсатилиб, режа 100,4 фоизга етказилган. Бироқ, 150 та маҳаллада белгиланган вазифалар бажарилмаган. Хусусан, Ғаллаорол туманидаги «Тозауруғ» маҳалласида 295 нафар эҳтиёжманд фуқаро билан манзилли иш ташкил этилмаган, режа атиги 27 фоизга бажарилган. Зоминдаги «Мустақиллик» маҳалласида ҳам 5 миллиард сўм маблағ ажратилганига қарамай, ишлар талаб даражасида эмас.
Йиғилишда Шароф Рашидов туманидаги «Ускуналар маркази» фаолияти ҳам танқид қилинди. Марказ орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва кичик ишлаб чиқаришни ривожлантириш имконияти мавжуд бўлса-да, ҳозиргача атиги 125 та шартнома имзоланган. Ҳолбуки, айрим маҳаллаларда ускуна харид қилиш истагида бўлган ўнлаб талабгорлар бор. Ҳар бир маҳаллада камида 10 та хонадонда кичик ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш вазифаси белгиланди.
Қурилиш дастурлари ижроси ҳам қониқарсиз. 553 миллиард сўм ажратилган 266 та объектнинг 146 тасида ишлар якунланган, 120 таси эса фойдаланишга топширилмаган. Айниқса, Пахтакор ва Янгиобод туманларида натижалар паст. «Сувқурилишинвест» буюртмачилигидаги айрим объектларда қурилиш ишлари тўхтаб қолган.
Вилоят ҳокими камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъулларга қатор топшириқлар берди. Жумладан, хатловни якунлаш, ижтимоий жамғармалар маблағларини мақсадли ўзлаштириш, ишсиз аҳолини мавжуд 4,8 мингта бўш иш ўрнига жойлаштириш, 80 миллиард сўмлик имтиёзли кредитларни камбағал оилалар лойиҳаларига йўналтириш вазифалари белгиланди. Шунингдек, фойдаланишга топширилмаган 120 та объектда қурилиш ишларини 15 кун муддатда якунлаш топширилди.
Якунда камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлашда қуруқ ҳисоботбозлик эмас, балки ҳар бир оила даромади ва турмуш шароитидаги аниқ ўзгаришлар асосий мезон бўлиши кераклиги таъкидланди. Барча масъул раҳбарларнинг топшириқлар ижроси бўйича шахсий жавобгарлиги белгиланди.





