ЗАФАРОБОДДА ЁШЛАРНИНГ ХОРИЖДА ҚОНУНИЙ ИШЛАШ ИМКОНИЯТЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
2026-11-13 08:20:00 / Янгиликлар

Унда Республика Миграция агентлиги масъуллари, туман ҳокимлиги, тегишли ташкилот ва корхоналар раҳбарлари ҳамда хорижда ишлаш истагида бўлган ёшлар иштирок этди.
Мулоқот давомида Германия ва Япония каби давлатларда ишга жойлашиш тартиблари, номзодларга қўйиладиган талаблар, зарур касбий малака ва хорижий тилларни ўзлаштириш имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, ёшларни махсус ўқув курсларида бепул тайёрлаш, касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитиш, ҳужжатларни расмийлаштириш, меҳнат шартномалари ҳамда хорижда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари тушунтирилди.
Учрашувда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олдилар. Билдирилган таклифлар асосида уларни касбга йўналтириш ва қонуний меҳнат миграциясига жалб этиш бўйича фикр алмашилди.
Мазкур мулоқот ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг хорижда хавфсиз ва қонуний меҳнат қилиши учун зарур билим ва кўникмаларини шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
