ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИ ВА ХИТОЙ КОМПАНИЯЛАРИ ҲАМКОРЛИГИ ЯНГИ ИНВЕСТИЦИЯВИЙ ЛОЙИҲАЛАРДА АМАЛИЙ БОСҚИЧГА ЎТМОҚДА
2026-11-11 14:00:00 / Янгиликлар

Шу мақсадда Жиззах вилояти ҳокимлигига Хитой Халқаро маданий коммуникациялар маркази ҳамда «JDB Group» компанияси билан аввал эришилган келишувлар доирасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича бир қатор йирик компаниялар вакилларидан иборат делегация ташриф буюрди.
Жумладан, делегация таркибидан «Yunnan Mouding Minzhixin Agricultural Technology Co., Ltd.», «Hong Kong Antong Investment Co., Ltd.» ҳамда «Guangzhou Dezhikang Pharmaceutical Technology Co., Ltd.» компаниялари вакиллари ўрин олди.
Меҳмонлар билан вилоят ҳокимлигида учрашув ўтказилиб, улар билан икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, мавжуд имкониятлар ва янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари юзасидан атрофлича мулоқот ўтказилди.
Учрашув аввалида Хитой делегациясининг Жиззах вилоятига навбатдаги ташрифи, шунингдек, ўзлари билан бирга қатор етакчи компаниялар вакилларини олиб келгани алоҳида эътироф этилди. Бу икки томон ўртасида аввал эришилган келишувларга бўлган ишонч ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга интилишнинг амалий ифодаси экани таъкидланди.
Қайд этилганидек, аввалги учрашувлар давомида Жиззах вилоятида бир қатор йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича муҳим келишувларга эришилган эди. Хусусан, замонавий меҳмонхона мажмуасини барпо этиш, ноанъанавий Хитой тиббиёти асосида фаолият юритувчи даволаш маркази ҳамда тоғли ҳудудда санаторий мажмуасини ташкил қилиш, касбга ўқитиш ва қайта тайёрлашга ихтисослашган Хитой ўқув марказини очиш, шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларини саралаш, қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлашга мўлжалланган замонавий логистика марказини барпо этиш шулар жумласидандир.
Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши вилоят иқтисодиётини диверсификация қилиш, инвестициявий жозибадорликни ошириш, янги иш ўринлари яратиш, хизматлар кўрсатиш соҳасини кенгайтириш, тиббиёт ва туризм инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш учун ҳам янги имкониятлар яратади.
Учрашувда эришилган келишувларни қоғозда қолдириб кетмасдан, уларни аниқ амалий натижалар билан мустаҳкамлаш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Шу мақсадда ҳар бир лойиҳа бўйича инвестиция ҳажми, амалга ошириш муддатлари, жойлашув манзиллари ва ташкилий масалаларни аниқ белгилаш, шунингдек, мазкур йўналишда икки томонлама йўл харитасини ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Шунингдек, лойиҳаларни жадаллаштириш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ фаолиятини янада фаоллаштириш, инвесторлар учун зарур ташкилий ва инфратузилмавий шароитларни яратиш борасида вилоят ҳокимлиги томонидан ҳар томонлама амалий кўмак кўрсатилиши билдирилди.
Ўз навбатида, делегация таркибидаги компаниялар фаолиятининг муҳокама қилинган инвестиция йўналишларига мос келиши келгусидаги ҳамкорлик учун муҳим имконият экани қайд этилди.
Мулоқот якунида Хитой Халқаро маданий коммуникациялар маркази раиси Лонг Юйсян бошчилигидаги делегация билан йўлга қўйилган алоқалар икки томон учун ҳам манфаатли натижалар беришига ишонч билдирилди.
Таъкидлаш жоизки, бундай ҳамкорлик Жиззах вилоятининг инвестициявий салоҳиятини янада ошириш, замонавий технология ва тажрибаларни жалб этиш, ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш, энг муҳими, аҳоли фаровонлиги ва бандлигини таъминлашга хизмат қилади.






