ЖИЗЗАХ ПОЛИТЕХНИКА ИНСТИТУТИ ВА ХИТОЙ ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ ҲАМКОРЛИГИ ЯНГИ БОСҚИЧГА КЎТАРИЛМОҚДА
2026-11-09 09:20:00 / Янгиликлар

Жиззах политехника институти ректори Алишер Усманқулов бошчилигидаги делегациянинг Хитойга амалий ташрифи ҳам ушбу ҳамкорликни янада кенгайтириш, олий таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш, илмий-инновацион лойиҳаларни ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ташриф доирасида Хитойнинг қатор олий таълим муассасалари ва йирик саноат корхоналари вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, сунъий интеллект соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий лабораториялар ташкил этиш ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Институт ва Сучжоу технологиялар университети ўртасида йўлга қўйилган «2+2» қўшма таълим дастурининг илк талабалари Хитойда таҳсил олишни бошлади. Талабаларни тантанали кутиб олиш маросимида ҳар икки олий таълим муассасаси раҳбарияти иштирок этиб, мазкур дастурнинг истиқболлари, талабалар учун яратилаётган имкониятлар ва келгусидаги ҳамкорлик йўналишларига алоҳида эътибор қаратди.
Шунингдек, хитойлик ҳамкорлар ва инвесторлар билан ўтказилган учрашувларда институтда ташкил этилаётган сунъий интеллект лабораториясини ривожлантириш, илғор технологияларни жорий этиш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Учрашувлар давомида «Ўзбекистон–Хитой сунъий интеллект инновация маркази» лойиҳаси ҳам тақдим этилди. Унда таълим, илм-фан ва саноат йўналишларида қўшма инновацион лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди. Мазкур ташаббус институтнинг «Рақамли университет» стратегиясини амалга ошириш, илмий салоҳиятни ошириш ва халқаро ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Делегация аъзолари Хэфэй технологиялар университети раҳбарияти билан ҳам учрашув ўтказди. Мулоқотда талабалар, магистрантлар ва докторантлар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, ўқув адабиётлари яратиш ҳамда илмий ишланмаларни тижоратлаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шу билан бирга, электромобиллар ва автоном бошқариладиган транспорт воситалари йўналишида қўшма лаборатория ташкил этиш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди. Томонлар мазкур йўналишдаги ҳамкорлик меморандумини 2026 йил 6–8 ноябрь кунлари Хэфэй технологиялар университетида ўтказиладиган халқаро конференция доирасида имзолашга келишиб олдилар.
Ташрифнинг навбатдаги манзили JAC Motors компанияси бўлди. Делегация вакиллари корхонада замонавий автомобилсозлик, ишлаб чиқариш жараёнлари ва илғор технологик ечимлар билан яқиндан танишди. Учрашувда муҳандислик мактаби учун замонавий лабораториялар ташкил этиш, амалий таълимни ривожлантириш, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш, шунингдек, истиқболли қўшма лойиҳалар ва инвестициявий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Умуман, Жиззах политехника институти делегациясининг Хитойга ташрифи олий таълим, илм-фан ва саноат соҳаларидаги халқаро ҳамкорликни янги мазмун билан бойитиш, талабалар учун замонавий билим ва тажриба олиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, ҳудудда юқори малакали муҳандис ва технолог мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
