ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИДА СУВ ТАЪМИНОТИ ВА ОҚОВА СУВ ТИЗИМИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЛОЙИҲАЛАРИ ЎРГАНИЛДИ
2026-11-04 09:35:00 / Янгиликлар

Делегация аъзоларини Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари Шуҳрат Жўраев ҳамда «Жиззах сув таъминоти» АЖ директори Жавоҳир Қоплонов кутиб олди.
Ташрифдан асосий мақсад — вилоятда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматларини янада ривожлантириш, мавжуд инфратузилма объектларининг ҳолатини ўрганиш ҳамда хусусий инвестор — «Miahona» компанияси томонидан илгари сурилган лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилишдан иборат.
Хусусан, ишчи гуруҳ Жиззах шаҳрига хизмат кўрсатувчи «Учтепа» оқова сув тозалаш иншоотининг жорий фаолияти билан танишди. Мазкур иншоотнинг мавжуд қувватини бир суткадаги 30 минг куб метрдан 80 минг куб метргача ошириш, яъни қўшимча 50 минг куб метр қувват яратиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Шунингдек, делегация Зомин туманидаги бир суткада 50 минг куб метр қувватга эга ичимлик сувини тозалаш иншоотининг фаолиятини ўрганиб, уни хусусий инвестор бошқарувига бериш таклифининг истиқболлари билан танишди.
Ташриф доирасида Жиззах вилояти ҳокимлигида тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда соҳа мутахассислари иштирокида учрашув ҳам ташкил этилди. Унда вилоятнинг истиқболдаги ривожланиш режалари, аҳоли сонининг ўсиши, янги турар жой массивлари ва хизмат кўрсатиш объектларининг барпо этилиши муносабати билан сув таъминоти ҳамда оқова сув хизматларига бўлган келгуси эҳтиёжлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари, молиявий таклифлар, инвестиция маблағларидан фойдаланиш механизмлари ҳамда амалга оширилиши лозим бўлган кейинги чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашилди.
Мазкур ташриф Жиззах вилоятида сув таъминоти ва оқова сув инфратузилмасини ривожлантириш, мавжуд қувватларни кенгайтириш ҳамда истиқболдаги эҳтиёжларни инобатга олган ҳолда янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини комплекс ўрганишга қаратилди.
