ГОНКОНГ ДЕЛЕГАЦИЯСИ БИЛАН ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИДА ИНВЕСТИЦИЯВИЙ ҲАМКОРЛИКНИ КЕНГАЙТИРИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
2026-10-29 09:30:00 / Янгиликлар

Делегация билан Жиззах вилояти ҳокимлигида вилоят ҳокими ўринбосарлари Бекзод Эгамов ва Баҳром Юсупов учрашув ўтказишди.
Ташриф доирасида ўтказилган учрашувларда савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, қуйидаги йўналишларда ҳамкорлик қилиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди:
Гонконгда Жиззах вилояти савдо уйини ташкил этиш. Вилоятда етиштирилаётган ва ишлаб чиқарилаётган экспортбоп маҳсулотларни Гонконг бозорига олиб чиқиш, маҳаллий маҳсулотларга бўлган талабни ўрганиш, уларни намойиш этиш ва хорижий харидорлар ўртасида тарғиб қилиш орқали экспорт ҳажмини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Қишлоқ хўжалиги дронларини ишлаб чиқариш. Жиззах вилоятида қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун мўлжалланган дронлар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишга қизиқиш билдирилди. Лойиҳанинг ташкилий ва амалий жиҳатлари, уни босқичма-босқич рўёбга чиқариш имкониятлари муҳокама қилинди.
Тиббиёт соҳасида инвестиция лойиҳалари. Хорижий инвесторлар замонавий тиббиёт ускуналарини ишлаб чиқариш, реабилитация марказларини ташкил этиш, шунингдек, юқори технологияли лабораториялар ва регенератив тиббиёт йўналишидаги тиббий мажмуа барпо этиш бўйича таклифларни илгари сурдилар.
Музокараларда мазкур лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари, Ўзбекистонда тиббиёт соҳасига хорижий инвестицияларни жалб этиш учун яратилган шарт-шароитлар ва замонавий тиббий технологияларни жорий қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Ташриф якунида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, билдирилган таклифларни батафсил ўрганиш ҳамда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.






