ЗОМИНДА ЯНГИ ҚАНДОЛАТЧИЛИК КОРХОНАСИ ИШ БОШЛАДИ
2026-10-27 18:00:00 / Янгиликлар

Зомин туманида тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда. Хусусан, «Қўрғон» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Ёшлар технопарки»да «SWEET BARAKA HOUSE» МЧЖ томонидан қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилди.
Ҳамид Хўжабеков раҳбарлик қилаётган мазкур корхонага 1 миллиард сўм инвестиция йўналтирилган. Ишлаб чиқариш жараёнига Германия ва Италияда ишлаб чиқарилган замонавий технологик ускуналар ўрнатилиб, маҳсулот тайёрлашнинг янги усуллари жорий этилган.
Корхонада айни пайтда 15 турдан ортиқ қандолат маҳсулотлари, жумладан, болажонлар севиб истеъмол қиладиган турли шакл ва ҳажмдаги печеньелар ишлаб чиқарилмоқда. Ишлаб чиқариш қуввати йилига 500 тоннани ташкил этади.
Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати — аҳоли бандлигини таъминлашга қўшаётган ҳиссасидир. Ҳозирда корхонада 50 нафар хотин-қиз ва ёшлар доимий иш ўрнига эга бўлди.
— Дастлабки босқичдаёқ 50 нафар хотин-қиз ва ёшларни иш билан таъминладик. Келгусида маҳсулотлар турини кўпайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва шоколад аралашмали қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирганмиз. Шунингдек, маҳсулотларимизни нафақат ички бозорга, балки қўшни давлатларга ҳам экспорт қилиш ниятимиз бор, — дейди корхона раҳбари Ҳамид Хўжабеков.
Янги корхонанинг ишга туширилиши Зомин туманида маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини ошириш, аҳоли даромадларини кўпайтириш ҳамда ҳудуднинг экспорт салоҳиятини кенгайтиришга хизмат қилади.
