БАХМАЛДА ЗАЪФАРОН ГУЛБАРГЛАРИДАН ҲАМ ҚЎШИМЧА МАҲСУЛОТЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРИЛМОҚДА
2026-10-24 13:45:00 / Янгиликлар

Илгари асосан заъфароннинг энг қимматли қисми — қизил стигмалар ажратиб олиниб, махсус технология асосида қуритилар, қадоқланар ва ички ҳамда халқаро бозорларга етказиб берилар эди. Энди эса гулбаргларни қайта ишлаш орқали эфир мойи ва парфюмерия ҳамда косметика соҳаларида қўлланиладиган гидролат ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилди.
Янги йўналиш заъфарон гулининг илгари асосий маҳсулот сифатида фойдаланилмаган қисмларидан ҳам унумли фойдаланиш имконини бермоқда. Бу эса хомашё исрофини камайтириш, қайта ишлаш жараёнини кенгайтириш ва қўшимча қиймат яратадиган маҳсулотлар турини кўпайтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Заъфарон гулбаргларидан олинадиган эфир мойи турли ишлаб чиқариш йўналишларида қўллаш учун истиқболли хомашё ҳисобланади. Гидролат эса парфюмерия ва косметика маҳсулотларини тайёрлашда фойдаланилади. Ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқариш заъфарон етиштиришдан тортиб, уни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот сифатида бозорга чиқаришгача бўлган жараёнларни янада такомиллаштириш имконини беради.
Энг муҳими, заъфароннинг нафақат қимматбаҳо стигмаларидан, балки гулбаргларидан ҳам фойдаланиш орқали бирламчи хомашёнинг иқтисодий самарадорлиги ошади. Бу маҳаллий ресурслардан комплекс фойдаланиш, янги маҳсулот турларини ўзлаштириш ва ташқи бозорларда рақобатбардошликни кучайтириш учун қўшимча имконият яратади.
BMB HOLDING томонидан мазкур йўналишнинг ривожлантирилиши Бахмал туманида заъфарончиликнинг нафақат етиштириш, балки чуқур қайта ишлашга асосланган тармоқ сифатида ҳам тараққий этишига хизмат қилади. Бу эса маҳаллий хомашё негизида қўшимча қиймат яратиш ва янги бозор сегментларини ўзлаштириш йўлидаги муҳим қадамдир.
