ЖИЗЗАХДА ТАБИИЙ МИНЕРАЛ СУВНИ ҚАДОҚЛАШ БЎЙИЧА ЯНГИ ИНВЕСТИЦИЯВИЙ ЛОЙИҲА АМАЛГА ОШИРИЛАДИ
2026-10-23 18:00:00 / Янгиликлар

Хитойнинг Гонконг ҳудудида фаолият юритувчи «JDB Group» компанияси билан ҳамкорликда вилоятда табиий минерал сувни қадоқлаш ва ичимлик суви ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича англашув меморандуми имзоланди.
Хитой делегациясининг Жиззах вилоятига ташрифи доирасида вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев Хитой Халқаро маданий коммуникация маркази раиси Лонг Юйсян, «JDB Group» компанияси асосчиси Чан Хун То ҳамда компаниянинг масъул вакиллари билан учрашди.
Мулоқотда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, ичимлик ва салқин ичимликлар ишлаб чиқариш, тоғ-кон саноати ва геология, энергетика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, фармацевтика ҳамда чарм саноатида инвестициявий ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Учрашувнинг муҳим натижаси сифатида Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев ва «JDB Group» компанияси асосчиси Чан Хун То ўртасида вилоятда табиий минерал сувни қадоқлаш ва ичимлик суви ишлаб чиқариш бўйича англашув меморандуми имзоланди.
Мазкур лойиҳа Жиззах вилояти учун муҳим иқтисодий аҳамиятга эга. Уни амалга ошириш маҳаллий табиий ресурслардан самарали фойдаланиш, янги ишлаб чиқариш йўналишини ривожлантириш, қўшимча иш ўринларини яратиш ва вилоятнинг саноат салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, маҳаллий хомашё асосида рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ва уни ички бозорга етказиб бериш имкониятлари кенгаяди.
Ташриф давомида инвесторлар жойларга чиқиб, сув ресурсларини кўздан кечирди.
Истиқболли лойиҳаларни танлаш, мавжуд имкониятларни ўрганиш ва уларни амалга ошириш шартларини баҳолаш бўйича ҳамкорликдаги ишлар давом эттирилади.
Жиззах вилоятида инвестициявий муҳитни яхшилаш, хорижий ҳамкорлар билан манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш ва маҳаллий имкониятларни янги иқтисодий лойиҳаларга айлантириш ҳудуднинг барқарор ривожланишига хизмат қилади.





