ЗАФАРОБОДЛИК ЁШ СПОРТЧИ — ЖАҲОН ЧЕМПИОНИ!
2026-10-21 08:20:00 / Янгиликлар

Туркия давлатида спортнинг қўл жанги тури бўйича ўтказилган Жаҳон чемпионатида Зафаробод тумани Бирлик маҳалласида яшовчи ёш спортчи Шералиев Шароф муваффақиятли иштирок этиб, 41 килограмм вазн тоифасида фахрли биринчи ўринни эгаллади ва жаҳон чемпиони деган юксак унвонга сазовор бўлди.
Ушбу ғалаба ёш спортчининг мунтазам машғулотлари, тинимсиз меҳнати, қатъияти ва кучли иродаси самарасидир.
Халқаро майдонда қўлга киритилган бу юксак натижа нафақат Шарофнинг оиласи ва устозлари, балки бутун Зафаробод тумани аҳли учун ҳам катта қувонч ва фахр бағишлайди.
Ёш спортчининг жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олгани ёшлар спортини ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг халқаро мусобақаларда иштирок этиши учун яратилаётган имкониятларнинг аҳамиятини яна бир бор намоён этди.
Шарофнинг бу муваффақияти тенгдошлари учун ҳам ибрат бўлиб, ёшларни спорт билан мунтазам шуғулланишга, соғлом турмуш тарзига амал қилишга ва юксак марралар сари интилишга ундайди.
