ЖИЗЗАХ ВА «BYD GROUP» ЎРТАСИДА ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ҚУВВАТЛАРИ КЕНГАЙТИРИЛИБ, ЯНГИ ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАЛАР АМАЛГА ОШИРИЛАДИ
2026-10-16 14:00:00 / Янгиликлар

Мулоқотлардан кўзланган асосий мақсад — Жиззахда автомобиль саноатини ривожлантириш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва янги инвестицияларни жалб этишдан иборат.
Учрашувда «BYD Uzbekistan» қўшма корхонасининг иккинчи босқичини амалга ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Тақдим этилган лойиҳага кўра, 2029 йилга қадар автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 200 минг донага етказиш режалаштирилган.
Лойиҳанинг кейинги босқичида йилига қўшимча 50–100 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш, бюджетга 714 миллиард сўм қўшимча тушум таъминлаш, 300 дан ортиқ янги иш ўрни яратиш ҳамда 50 миллион долларлик маҳсулотни экспортга йўналтириш имкониятлари қайд этилди.
Компания раҳбарияти ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун амалдаги майдонга яқин ҳудуддан 60 гектар ер ажратиш, эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш юзасидан таклифлар билдирди.
Вилоят ҳокими лойиҳанинг иккинчи босқичи Жиззах иқтисодиётини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва маҳаллий корхоналар ўртасида саноат кооперациясини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шунингдек, билдирилган таклифларни шахсий назоратига олишини ва уларни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилишига кўмаклашишини маълум қилди.
Учрашувда Жиззах вилояти ҳокими томонидан ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор ташаббуслар илгари сурилди. Жумладан, Шароф Рашидов туманидаги 158 гектарлик автомобиль саноатига ихтисослаштирилган махсус саноат зонасига «BYD Group» таркибидаги корхоналар ва уларнинг ҳамкорларини жалб қилиш, Жиззах кимё-индустриал технопаркида автомобиль эҳтиёт қисмлари ва бутловчи буюмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш таклиф этилди.
Шунингдек, тайёр автомобилларни сақлаш майдонларидан самарали фойдаланиш мақсадида кўп қаватли автотураргоҳлар ташкил этиш, Жиззах вилоятида пилот лойиҳа сифатида 20 та «BYD» электр автобусидан фойдаланиш, уларга хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яратиш ва келгусида электр автобуслари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш имкониятларини ўрганиш ташаббуслари билдирилди.
Компания раҳбарияти ушбу таклифларни атрофлича ўрганиш ва истиқболли инвестиция лойиҳаларини жадаллаштиришга қизиқиш билдирди. Учрашув якунида ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган келишув битими имзоланди.
Ташриф доирасида ташкил этилган бизнес-форумда «BYD Group» таркибига кирувчи ва у билан ҳамкорлик қилувчи йигирмага яқин компания вакилларига Жиззах вилоятининг инвестициявий салоҳияти, саноат зоналари имкониятлари, инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар ва истиқболли лойиҳалар тақдим этилди.
Мулоқотларда автомобиль саноати учун эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар ишлаб чиқариш, мавжуд корхоналар билан саноат кооперациясини йўлга қўйиш, ишлаб чиқариш жараёнларини маҳаллийлаштириш ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Форум якунида компания вакилларининг яқин кунларда Жиззах вилоятига амалий ташрифини ташкил этиш, саноат зоналари ва ишлаб чиқариш майдонлари имкониятларини жойида ўрганиш ҳамда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш механизмларини белгилаш бўйича келишувга эришилди.









