ЗОМИНДА «ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ҚИЁФАСИДАГИ МАҲАЛЛА» БАРПО ЭТИЛМОҚДА
2026-10-16 08:50:00 / Янгиликлар

Зомин туманидаги Мустақиллик маҳалласида ҳам ҳудудни «Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла»га айлантириш мақсадида кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Амалий ишлар доирасида ички кўчаларни тартибга келтириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш ва аҳоли учун хавфсиз ҳаракатланиш шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, кўчалар бўйлаб замонавий пиёдалар йўлаклари барпо этилиб, уларга махсус қоплама плиталар ётқизилмоқда. Бу эса, айниқса, ёмғирли ва қорли кунларда кекса ёшдагилар ҳамда болаларнинг қулай ҳаракатланишига имкон беради.
Маҳаллада аҳолининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва саломатлигини мустаҳкамлаш учун ҳам зарур шароитлар яратилмоқда. Жумладан, болалар учун замонавий ўйин майдончалари, ёшлар ва маҳалла аҳолиси учун эса очиқ ҳаводаги спорт майдончалари барпо этилмоқда.
Шунингдек, ҳудудда экологик тозаликни сақлаш, атроф-муҳитни кўкаламзорлаштириш ва кўчалар қиёфасини янада обод қилиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Мазкур бунёдкорлик ишлари Мустақиллик маҳалласининг замонавий ва кўркам қиёфасини шакллантириш, аҳоли учун қулай яшаш муҳитини яратиш ҳамда турмуш сифатини оширишга хизмат қилмоқда.
