САМАРҚАНДЛИК МАҲАЛЛА РАИСЛАРИ МИРЗАЧЎЛ ТУМАНИ ТАЖРИБАСИНИ ЎРГАНДИ
2026-10-16 10:15:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Д. Азизова бошчилигидаги делегацияга Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари М. Анорбоев ҳамда туман ҳокими Б. Мирзакулов ҳамроҳлик қилди.
Ташриф давомида Дўстлик маҳалласидаги кутубхона, ёшларни тил ва касб-ҳунарга ўргатиш марказлари, «Эзгу ният» маркази, Ёшлар ишлари агентлигининг туман бўлими ҳамда «Ҳаёт мактаби» фаолияти ўрганилди. Ёшлар бандлигини таъминлаш, китобхонликни ривожлантириш ва аҳоли учун янги имкониятлар яратиш борасидаги ишларга эътибор қаратилди.
Шунингдек, меҳмонлар Ержар ва Янги дала маҳаллаларида «маҳалла ўн еттилиги» фаолияти билан танишиб, аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни ўргандилар.
Ташриф доирасида Жиззах тажрибаси асосида ташкил этилган маҳаллалардаги ислоҳотлар штаби фаолияти ҳам тақдим этилди. Маҳаллалардаги 17 нафар масъул билан мулоқотда муаммоларни аниқлаш, уларга манзилли ечим топиш ва идоралараро ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Делегация аъзолари миграциядан қайтган фуқаро Насиба Жўраеванинг хонадонида бўлиб, унинг маҳалла кўмагида имтиёзли кредит асосида тадбиркорликни йўлга қўйиш тажрибаси билан ҳам танишдилар. Шунингдек, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг даромадларини оширишга қаратилган ишлар ўрганилди.
Ташрифдан кўзланган мақсад — маҳалла тизимидаги самарали тажрибаларни оммалаштириш, ҳудудлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ташаббусларни кенгайтиришдан иборат.






