ЖИЗЗАХ ПОЛИТЕХНИКА ИНСТИТУТИНИНГ ХИТОЙ БИЛАН ҲАМКОРЛИГИ ЯНГИ БОСҚИЧГА ЧИҚМОҚДА
2026-10-13 09:35:00 / Янгиликлар

Ташриф давомида Сужоу технологиялар университети билан йўлга қўйилган «2+2» қўшма таълим дастурининг илк иштирокчилари Хитойда таҳсилни бошлагани муҳим воқеа бўлди. Талабаларни қабул қилиш маросимида ҳар икки олий таълим муассасаси раҳбарияти иштирок этди.
Мазкур дастур талабаларга халқаро таълим муҳитида билим ва тажриба орттириш, Хитой таълим тизими билан яқиндан танишиш, шунингдек, назарий билимларини ишлаб чиқариш амалиёти билан мустаҳкамлаш имконини беради.
Делегациянинг хитойлик ҳамкорлар ва инвесторлар билан учрашувларида институтда ташкил этилаётган сунъий интеллект лабораториясини ривожлантириш, илғор технологияларни таълим жараёнига жорий этиш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш масалалари муҳокама этилди. Шунингдек, «Ўзбекистон–Хитой сунъий интеллект инновация маркази» лойиҳаси тақдим қилиниб, таълим, илм-фан ва саноат йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Хефей технологиялар университети раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувда талабалар, магистрантлар ва докторантлар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма илмий тадқиқотларни амалга ошириш, ўқув адабиётларини яратиш ҳамда илмий ишланмаларни тижоратлаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Шу билан бирга, электромобиллар ва автоном бошқариладиган транспорт воситалари йўналишида қўшма лаборатория ташкил этиш режаси муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорлик меморандумини 2026 йил 6–8 ноябрь кунлари Хефей технологиялар университетида ўтказилиши режалаштирилган халқаро конференция доирасида имзолаш бўйича келишувга эришдилар.
Ташрифнинг амалий қисмида делегация «JAC Motors» компанияси фаолияти билан танишди. Замонавий автомобилсозлик жараёнлари ўрганилиб, муҳандислик таълими учун илғор лабораторияларни ташкил этиш, амалий машғулотларни ишлаб чиқариш жараёнлари билан уйғунлаштириш ва таълим билан саноат интеграциясини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, истиқболда амалга оширилиши мумкин бўлган қўшма лойиҳалар ва инвестиция йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Ушбу учрашув ва музокаралар Жиззах политехника институтининг «Рақамли университет» стратегияси доирасида халқаро таълим ва илмий ҳамкорликни янада кенгайтириш, замонавий технологияларни ўқув жараёнига татбиқ этиш, рақобатбардош муҳандис кадрларни тайёрлаш ҳамда таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
