ЖИЗЗАХ ВА ХИТОЙ ИНВЕСТИЦИЯ ВА ЭКСПОРТДА ЯНГИ ҚАДАМЛАР ТАШЛАМОҚДА
2026-10-13 10:10:00 / Янгиликлар

Музокараларда вилоятга хорижий инвестицияларни жалб қилиш, янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш ва маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда компания президенти Жиззах вилояти делегациясининг ташрифидан мамнунлигини билдириб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокидаги учрашувларда илгари сурилган таклифлар ва белгиланган вазифалар ижросини жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, вилоятда режалаштирилган инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.
Вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев «JDB Group» компаниясининг ишлаб чиқариш тажрибаси ва замонавий технологияларини юқори баҳолаб, уни Жиззах вилояти, хусусан, Зомин туманидаги инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишда таянч инвестор сифатида жалб этиш таклифини илгари сурди.
Музокараларда минерал сув ва шифобахш ўсимлик чойлари ишлаб чиқариш, рангли металл конларини ўзлаштириш ва хомашёни чуқур қайта ишлаш, қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбалари, фармацевтика, чарм-пойабзал ҳамда сут маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.
Ушбу йўналишларда Хитой ва Гонконгнинг йирик компанияларини жалб этиш, маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспортбоп маҳсулотлар турини кўпайтириш бўйича таклифлар билдирилди.
Компания президенти мазкур таклифларнинг иқтисодий самарадорлиги ва амалга ошириш имкониятларини ўрганиш, тегишли йўналишларда йирик компанияларни жалб қилиш ҳамда Жиззах вилояти билан амалий ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини маълум қилди.
Энг муҳими, учрашув якунида «JDB Group» компанияси президентининг 2026 йил 19–22 октябрь кунлари Жиззах вилоятига амалий ташрифини ташкил этиш, таклиф этилган лойиҳаларни жойида ўрганиш ва уларни амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилашга келишиб олинди.
Жиззах вилояти делегациясининг Гонконгдаги учрашувлари инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Эндиликда асосий эътибор инвестициявий таклифларни аниқ лойиҳаларга айлантириш, инвесторлар билан музокараларни давом эттириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, экспорт ҳажмини ошириш ва аҳоли учун янги иш ўринларини ташкил этишга қаратилади.






