ЗОМИНДА ТАДБИРКОР АЁЛЛАР ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНМОҚДА
2026-10-10 08:50:00 / Янгиликлар

«Энг яхши ижтимоий лойиҳалар» республика кўрик-танловининг туман босқичида 39 та маҳалладан 121 нафар тадбиркор иштирок этди. Якунда 39 нафар тадбиркор ғолиб деб топилиб, уларга Оила ва хотин-қизлар вазирлигининг тегишли ваучерлари топширилди.
Ғолибларни қўллаб-қувватлаш доирасида бугунги кунга қадар 26 нафар тадбиркорга 24 миллион сўмдан субсидия ажратилди. Бу маблағлар тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратишга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, тадбиркор аёлларга ижтимоий реестрга киритилган, ишлаш истагидаги 75 нафардан ортиқ хотин-қиз шогирд сифатида бириктирилди. Бу орқали уларга касб-ҳунар ўрганиш, амалий кўникмаларни эгаллаш ва келгусида мустақил меҳнат фаолиятини йўлга қўйиш имконияти яратилмоқда.
— Асосий мақсадимиз нафақат тадбиркорликни ривожлантириш, балки ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш ва иқтисодий мустақиллигини оширишдан иборат, — дейди туман ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Нигора Омонова.
Бундай ташаббуслар хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, уларнинг тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш ва оилалар фаровонлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
