ЧУНСИН ШАҲРИДА ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИНИНГ ТУРИЗМ ВА ГАСТРОНОМИК САЛОҲИЯТИ НАМОЙИШ ЭТИЛДИ
2026-10-02 10:25:00 / Янгиликлар

Тадбирлар давомида Жиззах вилоятининг бой туризм салоҳияти, бетакрор табиати, тарихий-маданий мероси, миллий урф-одат ва анъаналари, шунингдек, гастрономик имкониятлари хитойлик ҳамкорлар, туризм соҳаси вакиллари ҳамда кенг жамоатчиликка намойиш этилди.
Меҳмонларга Жиззахнинг сайёҳлик йўналишлари, тарихий обидалари, зиёратгоҳлари ва табиий ҳудудлари ҳақида маълумотлар тақдим этилди. Вилоятнинг сайёҳлар учун жозибадор масканлари, миллий маданияти ва қадимий анъаналари акс этган кўргазмали материаллар орқали ҳудуднинг туристик имкониятлари кенг тарғиб қилинди.
Тадбирнинг муҳим йўналишларидан бири гастрономик туризмга бағишланди. Унда Жиззахнинг ўзига хос миллий таомлари, тайёрлаш усуллари, меҳмондўстлик анъаналари ва ҳудудга хос таъм маданияти намойиш этилди. Миллий таомларнинг ўзига хослиги ва уларнинг маҳаллий урф-одатлар билан уйғунлиги иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, тадбирлар доирасида Жиззах вилоятининг туризм соҳасидаги имкониятларини Хитой бозорида кенг тарғиб қилиш, сайёҳлик оқимини кўпайтириш, янги туристик йўналишларни шакллантириш ҳамда соҳадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Жиззах вилояти кунининг Чунсин шаҳрида ўтказилиши ҳудуднинг халқаро майдондаги туристик имижини мустаҳкамлаш, Жиззах ва Хитойнинг туризм соҳаси вакиллари ўртасида янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, тажриба алмашиш ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
Айниқса, гастрономик туризм орқали Жиззахнинг миллий қадриятлари, меҳмондўстлик маданияти ва ўзига хос таомларини хорижий сайёҳларга танитиш ҳудуднинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу тадбирлар Жиззах вилоятининг нафақат тарихий ва табиий бойликлари, балки миллий таомлари, маданияти ва анъаналари билан ҳам хорижий сайёҳлар учун жозибадор ҳудуд эканини яна бир бор намоён этди.
