ИККИ ТИЛ, БИР ҚАЛБ — ЭЛГА ХИЗМАТ
2026-10-02 10:00:00 / Янгиликлар

«Ўзбек ва тожикчани жуда чиройли келиштириб гапирадилар», деган таърифлариданоқ бу отахоннинг сўз санъатига меҳрини англаш қийин эмасди. «Ҳамма ҳам тил билгани билан бундай мулойим сўзлай олмайди», деди Лола опа. Ростдан ҳам, бу таърифга қўшилмай илож йўқ.
Абдукарим Шарипов 1946 йилда Фориш туманининг Ухум қишлоғида туғилган. 1968 йилда Самарқанд давлат университетининг ўзбек ва тожик филологияси факультетини тамомлаган. Шундан сўнг ижтимоий соҳада турли вазифаларда меҳнат қилди. Айни пайтда Республика тожик миллий маданий марказининг Жиззах вилояти бўлими раиси сифатида фаолият юритмоқда.
Унинг ҳаёти илм, журналистика ва эл хизмати билан чамбарчас боғлиқ. 1967 йилда отасидан айрилгач, укаларининг тақдири учун ҳам масъулиятни зиммасига олди. Жиззах вилоятининг ташкил топиши, 1974 йилда вилоятнинг бош нашри — «Жиззах ҳақиқати» ва «Джизакская правда» газеталари таҳририятининг йўлга қўйилиши каби тарихий жараёнларда бевосита иштирок этди.
— 1973 йилда Жиззах вилояти тузилди. Янги вилоятга газета, телевидение ва радио ташкил этилди. Туманлардан кўзга кўринган журналистларни йиғиб чақиришди. Газетанинг илк сонини тайёрлашда иштирок этдик, — дейди Абдукарим ака.
У «Жиззах ҳақиқати» қошида Ишчи қишлоқ мухбирлари университетини ташкил этиб, туманлардан келган 60 нафар ёшу кексага журналистика сирларини ўргатди. Кейинчалик вилоятдаги илк нашриёт — «Сангзор»га раҳбарлик қилди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида қоғоз танқислиги шароитида Россия билан алоқаларни йўлга қўйиш, вилоятлар типографияларига кўмаклашиш каби масъулиятли вазифаларни ҳам бажарди.
Абдукарим Шарипов бугун ҳам ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги дўстлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, миллий қадриятларни асраш йўлида фаол меҳнат қилмоқда.
Самарали меҳнатлари учун у Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан I даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан тақдирланган. Бу йил эса Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан «Мустақилликнинг 35 йиллиги» кўкрак нишони ҳамда «Дўстлик» орденига муносиб кўрилди.
— Бу мукофотларни кутмаган эдим. Аввало, унинг масъулиятини ҳис қилдим. 80 ёшга кириб, бу ишончни оқлай оламанми, деган ўй хаёлимдан ўтди. Орденни олди-ю, ишлашни бас қилди, дейишмасин, деб ҳали ҳам югуриб юрибмиз, — дея кулади қўш мукофот соҳиби.
Унинг фаолиятида маданий ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. 2022 йилда Тожикистоннинг Сўғд вилоятида ўзбек тилида, Ўзбекистонда эса Жиззах вилояти тожик тилида ижод қилувчи қалам аҳлининг ҳамкорликдаги «Меҳрнома» баёзи нашр этилди. 2019 йилдан буён бир неча бор грантларни қўлга киритиб, 5–6 та китоб чоп этилишига ҳисса қўшди. Энди эса ҳар икки тилда ижод қилаётган ёшларнинг асарларини нашр этиш ниятида.
Абдукарим ака ва Лола опа уч нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказишди. Бугун улар ўн нафардан зиёд невараларнинг суюкли бобоси ва бувиси. Аммо кексаликда ҳам эл хизматидан четда эмаслар.
— Ўзбекистон — кўп миллатли давлат. Юртимизда 130 дан зиёд миллат вакиллари аҳил-иноқ яшаб келмоқда. Бу — энг катта бойлигимиз. Миллий маданий марказларнинг асосий вазифаси ҳам ана шу аҳилликни, дўстликни ва миллий қадриятларни асрашдан иборат, — дейди Абдукарим ака.
Унинг фикрича, бугунги тинч ва фаровон ҳаётнинг энг катта неъмати — осойишталик. Шу боис миллий қадриятларни ёш авлодга етказиш, турли миллат ва элатлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш ҳар бир инсоннинг бурчидир.
Абдукарим аканинг қарийб олтмиш йиллик меҳнат йўли ҳам айнан шу мақсад — илм, маърифат, дўстлик ва элга хизмат қилиш ғояларига ҳамоҳангдир
