Бахмал туманининг келгуси қиёфаси замонавий мастер-режа асосида шакллантирилади
2026-09-14 09:10:00 / Янгиликлар

Мазкур ишлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Жаҳон банки ҳамкорлигида амалга оширилаётган «Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш» ҳамда «Ўзбекистонда яшаш учун қулай ва барқарор шаҳарлар» дастурлари доирасида олиб борилмоқда.
Лойиҳани амалга ошириш мақсадида Жанубий Кореянинг DOHWA Engineering Co., Ltd. компанияси бошчилигидаги халқаро консультантлар консорциуми Бахмал туманига ташриф буюриб, ҳудуднинг мавжуд ҳолати ва истиқболдаги ривожланиш имкониятларини ўрганиш ишларини бошлади.
Консорциум таркибига Asian Consulting Engineers Co., Ltd., Hyundai Research Institute Co., Ltd. (Жанубий Корея) ҳамда Juru Limited (Малайзия) компаниялари киради.
Ташриф давомида туманнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти, муҳандислик-коммуникация ва транспорт инфратузилмаси, ер ресурсларидан фойдаланиш ҳолати, аҳоли пунктларининг ривожланиш хусусиятлари ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари ўрганилмоқда.
Шунингдек, халқаро экспертлар иштирокида ҳудудни комплекс ривожлантириш, замонавий шаҳарсозлик ва инфратузилма ечимларини жорий этиш, аҳоли учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур дастурнинг асосий мақсади маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш ва келгусидаги жараёнларни самарали режалаштириш бўйича институционал салоҳиятини мустаҳкамлашдан иборат.
Тайёрланадиган фазовий-ҳудудий режа ва мастер-режа асосида Бахмал туманининг истиқболдаги ривожланиш йўналишлари аниқ белгилаб берилади.
Хусусан, транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини такомиллаштириш, аҳоли учун замонавий хизматлар ва қулай жамоат маконларини яратиш, инвестицияларни жалб этиш учун зарур шарт-шароитларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Халқаро экспертларнинг илғор тажрибаси ва замонавий ёндашувлари асосида ишлаб чиқиладиган мазкур ҳужжат туманнинг узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини шакллантириш, мавжуд имкониятларни тўғри йўналтириш ва янги лойиҳаларни тизимли амалга ошириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Энг муҳими, Бахмал туманининг келгуси қиёфасини белгилаб берувчи мазкур ёндашувда аҳоли манфаатлари, яшаш учун қулай муҳит ва ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини ошириш устувор вазифа сифатида белгиланади.
