Ижтимоий ҳимояда рақамлар бор, аммо манзилли ишлаш ва амалий натижа етарлими?
2026-09-11 14:00:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган «Инсон қадри» тамойили асосида ижтимоий ҳимоя тизими янги босқичга олиб чиқилди.
Ушбу масала Конститутциямизнинг 1-моддасида ҳам Ўзбекистон Ижтимоий давлат сифатида алоҳида белгилаб қўйилган
Бугунги кунда аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, 140 турдаги ижтимоий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган.
Вилоятда ногиронлиги бўлган ишсиз фуқаролар сони 2024 йилдаги 17 905 нафардан 7 618 нафарга камайди. Нафақа ва моддий ёрдам олувчи оилалар сони ҳам 115 900 тадан 20 957 тага тушди.
Жорий йил бошидан буён ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича 7 мингга яқин мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг атиги 20 фоизи ижобий ҳал этилган. Зоминда бу кўрсаткич 9 фоиз, Шароф Рашидов ва Форишда 16 фоиз, Жиззах шаҳри ҳамда Зарбдорда 17 фоизни ташкил этмоқда.
Айрим маҳаллаларда мурожаатлар сонининг юқорилиги ҳам маҳалла даражасида аҳоли муаммолари билан ишлаш самарадорлиги етарли эмаслигини кўрсатмоқда. Вилоят раҳбари бундай ҳолатларга нисбатан танқидий ёндашиб, маҳалла раиси ва ижтимоий ходимларнинг шахсий масъулиятини ошириш зарурлигини таъкидлади.
Ижтимоий ходимлар фаолиятида ҳам ижобий мисоллар билан бирга камчиликлар мавжуд.
Ғаллаорол тумани «Маданият» маҳалласи ижтимоий ходими Қодиров Аслиддин 8 нафар ногиронлиги бўлган фуқаронинг бандлигини таъминлаш, 3 нафарини оилавий тадбиркорликка жалб этиш ҳамда эҳтиёжманд фуқароларга ижтимоий ёрдам кўрсатишда самарали иш олиб боргани учун «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.
Бироқ Шароф Рашидов тумани «Юксалиш» маҳалласида 184 та, «Бўстон»да 111 та, «Зиёкор»да 90 та, Ғаллаоролнинг «Узунбулоқ» маҳалласида 70 та ариза ўз вақтида кўриб чиқилмаган.
Масъулларга бундай ҳолатларга чек қўйиш, бир ой ичида натижа кўрсатмаган ижтимоий ходимлар ўрнига муносиб ва фидойи кадрларни жалб этиш вазифаси қўйилди.
Муҳтож оилалар учун фоизсиз кредит ресурслари мавжуд бўлишига қарамай, айрим ҳудудларда улардан самарали фойдаланилмаяпти.
Бахмалда 824 млн сўм, Шароф Рашидовда 712 млн сўм, Зоминда 526 млн сўм, Ғаллаоролда 419 млн сўм кредит лимити ишлатилмай турибди.
Бу ҳолат маҳалладаги масъулларнинг ташаббускорлиги ва аҳоли билан манзилли ишлаш даражасини яна бир бор кўрсатмоқда. Туман ҳокимларига мазкур масала билан шахсан шуғулланиш ва масъуллар фаолиятини назоратга олиш топширилди.
Ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлаш учун субсидия ажратиш бўйича ҳам камчиликлар аниқланди. 69 та аризадан фақат 18 таси молиялаштирилган. Сўралган 2,3 млрд сўмдан атиги 405,3 млн сўми ажратилган.
Зомин ва Шароф Рашидов туманларида эса субсидия олишга талабгор корхоналар рўйхати ҳам шакллантирилмаган. Ижтимоий ҳимоя бошқармасига 10 кун муддатда камчиликларни бартараф этиб, амалий натижа кўрсатиш вазифаси юклатилди.
Ақлий ва эшитиш нуқсони бўлган болалар таълим олаётган 161 та мактабнинг атиги 46 тасида «Тўсиқсиз муҳит» яратилган. Қолган 115 та мактабда ишлар тўлиқ якунланмаган.
Вилоят раҳбари масъулларга 10 кун муддатда ушбу мактабларда зарур шароитларни яратиш ва бажарилган ишлар бўйича фотоҳисобот тақдим этиш вазифасини белгилади.
2026 йилда 42 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола уй-жойга муҳтож сифатида рўйхатга олинган. Шунга қарамай, ҳалигача 16 нафар болага уй-жой харид қилинмаган.
Уларнинг 8 нафари Зомин, 5 нафари Шароф Рашидов, 2 нафари Жиззах шаҳри ва 1 нафари Бахмал тумани ҳиссасига тўғри келади.
Туман ва шаҳар ҳокимларига бир ой муддатда уй-жойларни харид қилиш, тўлиқ жиҳозлаш ва болаларга топшириш вазифаси юклатилди.
Умуман, йиғилишда ижтимоий ҳимоя соҳасида асосий мезон рақам эмас, инсон ҳаётидаги амалий ўзгариш бўлиши кераклиги таъкидланди.






