Томорқадан самарали фойдаланиш — оила фаровонлиги манбаидир
2026-09-10 10:20:00 / Янгиликлар

Туманнинг «Олтин водий» маҳалласида яшовчи Обод она Холматова ҳам ўз хонадонидаги мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб, томорқачилик ва иссиқхона хўжалигини йўлга қўйган.
Хонадонида ердан йил давомида самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратаётган Обод она бир йилда уч мартагача экин экиб, мавсум давомида помидор, бодринг ва турли хил кўкатлар етиштириб келмоқда. Меҳнат ва изланиш самарасида етиштирилган маҳсулотлар, аввало, оила дастурхонини тўкин қилишга хизмат қилаётган бўлса, ортиқча маҳсулотларни сотиш орқали қўшимча даромад ҳам келтирмоқда.
Эътиборлиси, Обод она ҳар бир мавсумда ўртача 20–30 миллион сўм атрофида даромад олиб, томорқадан фойдаланишни оилавий фаровонликни оширишнинг барқарор манбаига айлантирган.
Бундай хонадонлар тажрибаси оддий томорқа ер майдонидан ҳам оқилона ёндашув, меҳнат ва замонавий агротехнологиялар асосида юқори самара олиш мумкинлигини кўрсатмоқда.
Айниқса, бир йилда бир неча марта ҳосил етиштириш орқали мавжуд ердан унумли фойдаланиш оила даромадини кўпайтиришда муҳим омил бўлмоқда.
Бугунги кунда томорқадан самарали фойдаланиш нафақат аҳоли дастурхонини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш, балки оилалар учун қўшимча даромад манбаини яратиш, бандликни таъминлаш ва фаровонликни юксалтиришнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида намоён бўлмоқда.
Обод она Холматованинг меҳнат тажрибаси ҳам шу жиҳатдан аҳамиятли. Зеро, ҳар бир хонадондаги ердан унумли фойдаланиш, меҳнатни тўғри ташкил этиш ва етиштирилган маҳсулотни бозорга чиқариш орқали оилавий даромадни янада ошириш мумкин.
