Коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик ва чекловлар кучайтирилди
2026-09-08 08:40:00 / Янгиликлар

Жумладан, 2026 йил 22 июнда «Ўзбекистон Республикасининг айрим ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди (ЎРҚ–1155-сон).
Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 8-бўлими «Коррупцияга оид жиноятлар» тушунчаси билан тўлдирилди.
Коррупцияга оид жиноятлар сифатида Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «д» банди, 168-моддаси 4-қисми «г» банди, 192⁹, 192¹⁰-моддалари, 192¹¹-моддаси 2-қисми «в» банди, 205-моддаси 2-қисми «в» банди, 206-моддаси 2-қисми «в» банди, 208-моддаси 2-қисми, 209-моддаси 2-қисми «в» банди, 210, 211, 212, 213, 214, 214¹, 214²-моддалари ҳамда 301-моддаси 2-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятлар белгиланди.
Шунингдек, коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахслар Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг электрон реестрига киритилади.
Электрон реестрга киритилган шахсларга нисбатан қатор чекловлар белгиланади. Хусусан, улар:
— давлат хизматига кириш ва давлат мукофотлари билан тақдирланиш;
— сайланадиган ҳамда алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзодини кўрсатиш;
— давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳамда идоралараро коллегиал органлар аъзоси бўлиш;
— ўзи таъсис этган ва устав фондидаги улушининг 50 фоизидан ортиғига ўзи эгалик қиладиган тадбиркорлик субъектларининг давлат харидлари ҳамда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимларда иштирокчиси сифатида қатнашиш;
— давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар ва давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиш ҳуқуқидан чекланади.
Мазкур ўзгартишлар коррупциянинг олдини олиш, унинг оқибатларига қарши самарали курашиш ҳамда коррупцияга оид жиноятлар содир этган шахсларнинг жавобгарлигини кучайтиришга қаратилган.
Жиззах вилояти ҳокимлиги
Коррупцияга қарши ички назорат шўъбаси
