Жиззахда «35 йил — 35 хайрли ташаббус» доирасида хайрли тадбир ўтказилди
2026-08-25 11:00:00 / Янгиликлар

«Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» шиори остидаги «35 йил — 35 хайрли ташаббус» лойиҳаси доирасида Жиззах шаҳридаги Ёшлар инновацион марказида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрия тадбири ўтказилди.
Тадбир «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Жиззах вилояти Кенгаши, Ёшлар ишлари бошқармаси, Жиззах гарнизонидаги ҳарбий қисм ҳамда Ўзбекистон болалар ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилди.Янги ўқув йили арафасида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларига мактаб формалари ва зарур ўқув анжомлари беғараз топширилди.
Шунингдек, ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида тикув машиналари ҳамда компьютер жамланмалари ўз эгаларига топширилди.
Тадбирда билдирилган эзгу ташаббуслар ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим олиши ва касб-ҳунар эгаллаши учун имкониятлар яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.
Тадбирнинг маданий қисмида ҳарбий оркестр жамоаси ҳамда ёшлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар ва рақслар иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Эзгулик ва саховат билан бошланган янги ўқув йили фарзандларимиз учун янги имкониятлар, янги орзулар ва янги ютуқлар даври бўлишига ишонч уйғотди.
