Жиззах вилояти ҳокими илғор механизаторлар "Дамас" автомобили билан тақдирланадишини таъкидлади
2026-08-24 14:00:00 / Янгиликлар

Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида ўтказилган учрашувда вилоят ҳокими аввало барча иштирокчиларни байрам билан табриклаб, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда механизаторларнинг ўрни тобора ортиб бораётганини таъкидлади.
Вилоят ҳокими сўнгги йилларда деҳқончиликда қўл меҳнатидан воз кечиб, техника имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш борасида олиб борилаётган ишларга тўхталди.
Вилоятда 220 дона чигит экиш сеялкаси ва қарийб 50 дона дон ўриш комбайни харид қилингани, шунингдек тарихда илк бор ғалла оролча қолдирмасдан атиги 15 иш кунида йиғиштириб олингани алоҳида қайд этилди.
Унинг сўзларига кўра, бу натижа ҳисобига қарийб 90 минг тонна (269 миллиард сўмлик) ҳосил сақлаб қолиниши, такрорий экинларнинг ўз вақтида экилиши эса яна 200 минг тонна атрофида ҳосил йўқотилишининг олдини олиши кутилмоқда.
Жорий мавсумда пахтани тўлиқ техника ёрдамида йиғиб олиш мақсад қилиб қўйилганини маълум қилинди.
Бу йил яна 50 га яқин пахта териш машинаси харид қилинган бўлиб, мавсумда жами 300 дан ортиқ шундай техника ишлатилади.
Дон ўриш комбайнларида синовдан ўтган GPS қурилмалари ва кузатув камералари энди пахта териш машиналарига ҳам ўрнатилмоқда — бу ишлар ҳозирда давом этмоқда.
Учрашувда мавсум давомида энг кўп ва сифатли пахта терган 30 нафар илғор механизатор "Дамас" русумли енгил автомобиль билан рағбатлантирилиши эълон қилинди.
Вилоят ҳокими ғолибларни аниқлашда адолат таъминланиши учун бир қатор аниқ мезонлар белгиланганини айтди.
Барча машиналарда GPS ва кузатув камералари ўрнатилган бўлиши шарт,
пахта фақат тоза ва сифатли терилиши талаб этилади, миқдор ортидан қувиб сифатга путур етказилса, механизатор совғадан маҳрум бўлади,
машиналар фақат штаб белгилаган ҳудудда ишлаши, бошқа туманга ўзбошимчалик билан ўтиб кетиш қатъиян тақиқланади.
Ғолиблар инсон омилисиз, фақат рақамли маълумотлар асосида аниқланади.
Вилоят ҳокими туман ҳокимликлари ва тегишли ташкилотлар зиммасига бир қатор аниқ вазифаларни юклади.
Жумладан, 1 сентябргача техника ва тиркамаларни таъмирлаш ва GPS қурилмалари ўрнатишни якунлаш, ортгич ва ёпинчиқлар билан таъминлаш, бурилиш майдончалари ва хирмонларни тайёрлаш, шунингдек ёқилғи ва эҳтиёт шиналар захирасини шакллантириш шулар жумласидандир.
Пахта-тўқимачилик кластерларига эса қабул масканларини сентябрь бошига қадар тайёр ҳолга келтириш ва пахтани сутка давомида, 24 соат тўхтовсиз қабул қилиш вазифаси қўйилди.






