Жиззахлик спортчи — жаҳон чемпиони
2026-08-21 10:20:00 / Янгиликлар
Эквадорнинг Гуаякиль шаҳрида дзюдо бўйича кадетлар ўртасида жаҳон чемпионати баҳслари давом этяпти. Унда дунёнинг 59 давлатидан 457 нафар ёш дзюдочи иштирок этмоқда.

Қувонарлиси, мусобақада Аурелио Чиприан-Флис бош мураббийлигидаги ўсмирларимиз илк кунданоқ 4 та медални қўлга киритишди (1 та олтин, 3 та бронза).
Терма жамоамизга илк олтин медални жиззахлик спортчи, Дўстлик тумани спорт мактаби тарбияланувчиси Ирода Сирожиддинова тақдим этди.
Турнирдаги иштирокини тўғридан-тўғри иккинчи босқичдан бошлаган ёш дзюдочимиз дастлаб озарбайжонлик Сунай Саламова, ярим финалда россиялик Эмилия Сайфутдинова ҳамда финал баҳсида қозоғистонлик Адия Жанахметни мағлубиятга учратди.
Маълумот учун, Ирода бир ой олдин Иордания давлатида ўтган Осиё чемпионатида ҳам олтин медалга сазовор бўлган эди.
