Жиззах ва Эроннинг Марказий вилояти ўртасида ҳамкорликнинг янги истиқболлари муҳокама қилинди
2026-08-19 15:00:00 / Янгиликлар

Учрашувда икки ҳудуд ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва ишбилармонлик алоқаларини янада ривожлантириш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев Эрон делегациясини Жиззах заминида кўриб турганидан мамнунлигини билдириб, икки ҳудуд ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга тайёр эканини таъкидлади.
— Жиззах вилояти Эроннинг ҳудудлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор. Хусусан, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун барча имкониятлар мавжуд, — деди вилоят ҳокими.
Ўз навбатида, Эрон Ислом Республикаси Марказий вилояти ҳокими Меҳди Зандия Вакилий қабул учун миннатдорлик билдириб, Жиззах вилояти билан турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.
Учрашув давомида Жиззах шаҳрида Эрон Ислом Республикасининг Марказий вилояти делегацияси вакиллари иштирокида Ўзбекистон–Эрон бизнес-форуми ҳамда тадбиркорлар ўртасида B2B ва G2B учрашувлари ўтказилиши таъкидланди.
Бизнес-форум доирасида эронлик тадбиркорлар қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, нефть-газ ва нефть-кимё саноати, металл ва кончилик саноати, автомобилсозлик ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш, тўқимачилик саноати, шунингдек, саноат ва ишлаб чиқариш каби 6 та асосий йўналишда иштирок этади.
Мулоқотларда тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш, инвестициявий ва экспорт лойиҳаларини муҳокама қилиш, қўшма корхоналар ташкил этиш ҳамда ўзаро манфаатли бизнес муносабатларни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Шу муносабат билан Жиззахлик ёш тадбиркорлар Эрон ишбилармон доиралари билан янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, инвестиция ва экспорт лойиҳаларини муҳокама қилиш ҳамда истиқболли бизнес ташаббусларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон–Эрон бизнес-форумида фаол иштирок этишга таклиф этилади.
Учрашув якунида икки ҳудуд ўртасидаги ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш ва янги қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича фикр алмашилди.
