Зафарободда хотин-қизлар тадбиркорлиги ривожланмоқда
2026-08-14 08:30:00 / Янгиликлар

Айниқса, тикувчилик йўналишида ўз фаолиятини йўлга қўйган тадбиркор хотин-қизлар сафи йилдан-йилга кенгайиб бормоқда.
Бугунги кунда туманда фаолият юритаётган тадбиркор аёллар томонидан тикувчилик цехлари ташкил этилиб, ўнлаб хотин-қизлар доимий иш ўринлари билан таъминланмоқда. Бу ташаббуслар янги иш ўринлари яратиш билан бирга, хотин-қизларнинг касб-ҳунар эгаллаши ва мустақил даромад топишига ҳам кенг имконият яратмоқда.
Тадбиркор хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ички бозорда харидоргир бўлиб, бу уларнинг фаолиятини янада кенгайтиришга замин яратмоқда. Энг муҳими, иш билан таъминланган аёллар ўз оилалари фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Зафаробод туманида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш ва даромад манбаларини кенгайтиришга қаратилган амалий ишлар изчил давом эттирилади.
