Жиззахдаги ҳарбий қисмда маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтди
2026-08-12 09:10:00 / Янгиликлар

Тадбирлар Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Жиззах вилоят кенгаши, ДХХ Чегара қўшинларига қарашли “Н” ҳарбий қисми, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими ҳамда маданият соҳаси вакиллари ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда ҳарбий хизматчилар, ижодкорлар, ёшлар ва маданият соҳаси вакиллари иштирок этди. Учрашувларда Ватанга муҳаббат, юрт тинчлиги ва сарҳадлар дахлсизлигини таъминлаш, Ватан ҳимоячисининг шарафли ва масъулиятли бурчи ҳақида фикр алмашилди.
Иштирокчиларга юртимизнинг бой тарихи, миллий қадриятлари, адабиёти ва санъати ҳақида маълумотлар берилди.
Ижодкорларнинг шеър ва адабий-бадиий чиқишлари, дилбар куй-қўшиқлар тадбирларга кўтаринки руҳ бағишлади.
Шунингдек, ҳарбий хизматчиларни китобхонликка, миллий адабиёт ва санъатга қизиқтириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, бундай тадбирлар ҳарбий хизматчиларнинг маънавий дунёқарашини юксалтириш, уларда миллий ғурур, Ватанга садоқат ва ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Маънавий-маърифий тадбирлар доирасида 200 нафар ҳарбий хизматчи ва ёшлар қамраб олинди.
