Жиззах вилоятида хатлов ишлари изчил давом этмоқда
2026-08-12 08:10:00 / Янгиликлар

Жиззах вилоятида ҳам Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ–937-сонли Қонуни доирасида кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиш жараёни изчил давом этмоқда.
2026 йил 11 август кунигача вилоятда жами 86 минг 319 та объект хатловдан ўтказилди.
Бу жараёнда мавжуд объектларнинг ҳолати ўрганилиб, уларга оид маълумотларни ягона электрон тизимга киритиш ишлари амалга оширилмоқда.
Жумладан, 77 минг 219 та объект UZKAD тизимига ўтказилди. Уларнинг 76 минг 273 таси турар жой, 946 таси эса нотурар жой объектларини ташкил этади.
Хатлов жараёнининг муҳим босқичларидан бири — объектларга бўлган ҳуқуқларни қонуний тартибда эътироф этишдир.
Шу нуқтаи назардан, бугунги кунга қадар 50 минг 859 та объект “Эътироф” автоматлаштирилган ахборот тизимига ўтказилган.
Айни пайтда 11 минг 645 та объект бўйича ҳужжатлар муҳокама жараёнида бўлиб, 9 минг 695 та объектга бўлган ҳуқуқлар эътироф этилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур жараён нафақат кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиш, балки фуқароларнинг йиллар давомида фойдаланиб келаётган мол-мулкига бўлган ҳуқуқларини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Зеро, мулк ҳуқуқининг қонуний эътироф этилиши фуқароларнинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш билан бирга, кўчмас мулкка оид маълумотларни тизимлаштириш, давлат кадастри маълумотларининг шаффофлиги ва ишончлилигини таъминлашга хизмат қилади.
Жиззах вилоятида хатлов ишларининг босқичма-босқич амалга оширилаётгани, объектларнинг электрон тизимларга ўтказилаётгани ҳамда ҳуқуқларни эътироф этиш жараёнининг жадаллашиб бораётгани ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини кўрсатмоқда.
Энг муҳими, амалга оширилаётган ишлар замирида инсон манфаати, унинг мулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашдек эзгу мақсад мужассам.
