Зомин — бунёдкорлик, инвестиция ва туризм марказига айланмоқда
2026-08-04 09:00:00 / Янгиликлар

Янги корхоналар — янги имкониятлар
“Зомин технопарки” махсус саноат зонасида умумий қиймати 854,5 млн долларлик 12 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Қурилиш материаллари, мебель ва кабель ишлаб чиқаришга ихтисослашган учта йирик корхона ишга туширилди. Йил якунига қадар яна 180 млн долларлик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Даштобод шаҳридаги “Artel Electronics Zomin” филиали минглаб ёшларни иш билан таъминлади. Корхонада ходимлар учун ётоқхона, иссиқ овқат ва транспорт хизмати йўлга қўйилган бўлиб, қўшимча 1500 та янги иш ўрни яратилди.
Обод маҳалла — фаровон ҳаёт
Жорий йилда қурилиш ва ободонлаштириш ишларига 624 млрд сўм йўналтирилди. Мактаблар реконструкция қилинмоқда, маданият саройи ва оқова сув тармоқлари қурилмоқда. “Ташаббусли бюджет” доирасида янги ўқув бинолари ва мини-стадионлар барпо этилди.
Президент топшириқлари ижроси доирасида 20,1 млрд сўм ҳисобидан кўп қаватли уйлар, таълим ва тиббиёт муассасалари таъмирланди. Ғафур Ғулом маҳалласида 160 хонадонли 8 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди.
Инфратузилмани яхшилаш мақсадида 98 км ички йўл, 65 км давлат аҳамиятидаги йўл, 87 км электр тармоғи, ичимлик суви ва газ тармоқлари янгиланди.
Фаровонлик сари
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида оғир тоифадаги маҳаллаларда 17,9 млрд сўм эвазига сув таъминоти яхшиланиб, қудуқлар, лотоклар ва янги сув тармоқлари барпо этилди. Бу аҳолининг томорқадан даромад олиш имкониятларини кенгайтирмоқда.
“Яшил макон” натижалари
Туманда экологик барқарорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2025 йилда 1,7 миллиондан ортиқ, 2026 йил баҳорида эса 532 мингдан зиёд дарахт ва бута кўчатлари экилди. Иккита “Яшил боғ” ва битта “Ҳокимлик боғи” ташкил этилди.
Экспорт ҳажми ортиб бормоқда
Жорий йилда Зомин туманининг экспорт режаси 36,1 млн доллар этиб белгиланган. Электротехника, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, фармацевтика ва ипак маҳсулотлари асосий экспорт йўналишларини ташкил этмоқда.
Туризм жадал ривожланмоқда
Зоминда 146 та жойлаштириш воситаси, Суффа платосида замонавий меҳмонхоналар, соғломлаштириш маркази, республикадаги энг машҳур осма кўприк ва осма дор йўли фаолият юритмоқда.
Ўтган йили туманга 100 мингга яқин хорижий ва 1 миллионга яқин маҳаллий сайёҳ ташриф буюрган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткичларни янада ошириш режалаштирилган.
Жанубий Кореялик сайёҳ Хан Сеунг Хван Зоминни Швейцария табиатига қиёслаб, унинг тоғлари, осма кўприги, зиплайн ҳамда миллий таомларидан катта таассурот олганини таъкидлади. Бу эса Зоминнинг халқаро туристик йўналиш сифатидаги нуфузи тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
