Жиззахда “Жасорат мактаби”нинг учинчи мавсуми муваффақиятли якунланди
2026-08-04 08:30:00 / Янгиликлар

Лойиҳанинг асосий мақсади ёшларда Ватанга садоқат, юксак масъулият, интизом ва фидойилик фазилатларини шакллантириш ҳамда уларнинг ҳаётий кўникмаларини мустаҳкамлашдан иборат.
Ўн кун давом этган йиғинда ишсиз ёшлар, “Ёшлар дафтари” ҳамда пробация ҳисобида турган жами 100 нафар иштирокчи ҳарбий тайёргарлик, жисмоний чиниқиш, саф машқлари, бирламчи ҳарбий билимлар ва замонавий касбий кўникмаларни эгаллади.
Шунингдек, уларда жамоада ишлаш, етакчилик қилиш ҳамда турли вазиятларда тезкор ва тўғри қарор қабул қилиш кўникмаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Лойиҳанинг ёпилиш маросимида ҳарбий қисм қўмондонлиги, Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вакиллари, шунингдек, иштирокчиларнинг ота-оналари қатнашди.
Тадбир давомида иштирокчиларга ўзлари танлаган йўналишлар бўйича сертификатлар топширилди. Шунингдек, “Ҳарбий эстафета”, “Миллий кураш”, “Волейбол” ва “Заковат” мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлган ёшлар кубок, диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
“Жасорат мактаби” нафақат ҳарбий билим ва амалий кўникмаларни шакллантириш, балки ёшлар қалбида миллий ғурур, Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси ва фидойилик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим тарбиявий лойиҳа сифатида ўз аҳамиятини намоён этди.
