Хитой компанияси Жиззахда чорвачилик ва агросаноат лойиҳаларига инвестиция киритишга қизиқиш билдирмоқда
2026-08-03 10:30:00 / Янгиликлар

Ана шу саъй-ҳаракатлар доирасида Хитой Халқ Республикасининг Beijing Longmu Holding Group компанияси делегацияси Жиззах вилоятига ташриф буюрди.
Делегация аъзоларини вилоят ҳокимининг ўринбосари Б. Эгамов қабул қилди. Учрашувда Жиззах вилоятининг инвестициявий салоҳияти, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай бизнес муҳити ва давлат томонидан тақдим этилаётган имтиёзлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Ташриф дастурига мувофиқ меҳмонлар Шароф Рашидов туманидаги «Milk Foods» чорвачилик ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш мажмуаси ҳамда Зомин туманида фаолият юритаётган «Jizzax Organic» миллий қишлоқ хўжалиги кластери билан яқиндан танишди. Корхоналарда маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш ва қўшимча қиймат яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Музокаралар чоғида вилоят раҳбарияти томонидан Зарбдор туманининг чорвачиликни ривожлантириш учун мавжуд имкониятлари тақдим этилди. Хусусан, наслли қорамолчиликни кенгайтириш, юқори маҳсулдорликка эга чорвачилик мажмуаларини барпо этиш, соҳага инновацион технологиялар ва замонавий бошқарув тизимларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича «Jizzax Organic» кластери фаолиятини кенгайтириш мақсадида дастлабки босқичда 1 000 бош наслли қорамол олиб келиш ҳамда Beijing Longmu Holding Group томонидан лойиҳага 15–20 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш юзасидан дастлабки келишувларга эришилди.
Шунингдек, «Jizzax Organic» раҳбарияти томонидан Зарбдор туманидаги чорвачилик комплекси негизида Марказий Осиё давлатларига хизмат кўрсатувчи замонавий логистика хаби (Logistic HUB)ни ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. Ушбу лойиҳа ҳудуднинг экспорт салоҳиятини ошириш, маҳсулотларни ташқи бозорларга тезкор етказиб бериш ҳамда минтақавий логистика занжирини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Музокаралар якунида томонлар наслчиликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, экспортбоп тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш йўналишларида ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олдилар.
Мазкур ташриф Жиззах вилояти билан Хитойнинг етакчи компаниялари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, замонавий технологияларни жалб этиш ва ҳудудда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
