Жиззахда хотин-қизлар ўртасида оммавий веломарафон ўтказилди
2026-08-01 08:35:00 / Янгиликлар

Маълумки, жорий йилнинг 7 апрель куни Президентимиз раислигида ўтказилган жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишни, аввало, давлат органлари ва ташкилотлари ходимларидан бошлаш, меҳнат жамоаларида жисмоний фаолликни ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган эди. Шу асосда ташкилот ва муассасаларда ҳафтанинг бир куни «Спорт куни» сифатида ўтказилиб, ходимларнинг оммавий спорт машғулотларида иштирокини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ана шу эзгу мақсадлар ижроси доирасида Жума куни эрта тонгдан Жиззах шаҳридаги «Ёшлар шаҳарчаси» майдонида хотин-қизлар ўртасида оммавий веломарафон ташкил этилди.
Тадбир Жиззах вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан «Миллий тикланиш» демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси вилоят кенгашлари билан ҳамкорликда ўтказилди.
Веломарафонда 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган 300 нафардан ортиқ давлат ташкилотлари ходимлари, ҳаваскор спортчи қизлар ва уй бекалари иштирок этиб, уч ёш тоифаси бўйича ўзаро беллашдилар. Мусобақа давомида иштирокчилар юқори кайфият, шижоат ва ғалабага интилиш намунасини намоён этди. Дўстона муҳит ва соғлом рақобат руҳида кечган беллашувлар барча иштирокчиларга унутилмас таассуротлар улашди.
Тақдирлаш маросимида Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари, вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнора Нормуродова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари Назира Мухторова ва Гулчеҳра Тажибаева, «Миллий тикланиш» демократик партияси Жиззах вилояти кенгаши раиси Дилшод Мирзамуҳаммедов ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси Жиззах вилояти кенгаши раиси Акрам Раҳмонқулов иштирок этдилар.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда хотин-қизларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратилаётгани, оммавий спортни ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидладилар. Шунингдек, бундай мусобақалар хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, фаол ва соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, меҳнат унумдорлиги ва ижтимоий фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Тадбир якунида мусобақада ғолиб ва совриндор бўлган иштирокчилар, шунингдек, фаол қатнашган хотин-қизлар ташкилотчилар томонидан диплом, эсдалик совғалари ва қимматбаҳо туҳфалар билан тақдирландилар.
