Жиззахда инновациялар ва келажак иқтисодиётини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
2026-07-31 09:10:00 / Янгиликлар

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакиллари ҳамда халқаро эксперт Самер Чедиакнинг вилоятга ташрифи доирасида Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев билан мулоқот ташкил этилди.
Учрашувда вилоят иқтисодиётини инновациялар, сунъий интеллект ва илғор технологиялар асосида ривожлантириш, саноат, қишлоқ хўжалиги, илм-фан ва тадбиркорлик соҳаларидаги мавжуд салоҳиятдан янада самарали фойдаланиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Томонлар илмий ишланмаларни ишлаб чиқариш эҳтиёжлари билан уйғунлаштириш, рақамли ечимларни корхоналар фаолиятига кенг татбиқ этиш, инновацион стартапларни қўллаб-қувватлаш ҳамда давлат, илм-фан ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан фикр алмашдилар.
Мулоқот давомида глобал технологик ўзгаришлар шароитида ҳудуднинг узоқ муддатли иқтисодий барқарорлиги ва рақобатбардошлигини таъминлашда янги билимлар, инновацион ёндашувлар ҳамда замонавий бизнес моделларини амалиётга кенг татбиқ этиш устувор аҳамият касб этиши таъкидланди.
Учрашув якунида Жиззах вилоятининг иқтисодий ва интеллектуал салоҳиятини янада юксалтириш, инновацион ғояларни амалий лойиҳаларга айлантириш ҳамда келажак иқтисодиётини шакллантириш йўлида ўзаро ҳамкорликни изчил давом эттириш бўйича келишувларга эришилди.






