Жиззахда ҳудудларни ривожлантириш бўйича стратегик режалар муҳокама қилинди
2026-07-17 10:40:00 / Янгиликлар

Учрашувда Жиззах вилоятини ҳудудий режалаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш, шунингдек, «Янги Ўзбекистон» қиёфаси мақоми берилган Ғаллаорол ва Зафаробод туманлари ҳамда Бахмал тумани учун фазовий режалар ва мастер-режалар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 30 январдаги «2026–2027 йилларда Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–35-сон қарорига мувофиқ, Жаҳон банкининг «Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш» лойиҳаси ва “Ўзбекистонда яшаш учун қулай ва барқарор шаҳар” дастурини мувофиқлаштириш офиси доирасида мазкур йирик ташаббус амалга оширилмоқда.
Қарорга асосан, Жиззах вилоятининг ҳудудий ривожланиш стратегиясини ҳамда Ғаллаорол, Зафаробод ва Бахмал туманлари учун замонавий фазовий ва мастер-режаларни ишлаб чиқиш мақсадида халқаро тажрибага эга нуфузли хорижий компанияларни жалб этиш белгиланган. Тендер натижаларига кўра ушбу лойиҳани амалга ошириш ҳуқуқини Жанубий Кореянинг DOHWA Engineering компанияси қўлга киритган.
Компания мутахассисларининг Жиззах вилоятига ташрифи давомида вилоят ва туман ҳокимликлари, шунингдек, тегишли давлат ташкилотлари билан қатор ишчи учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган. Шу билан бирга, ҳудудларнинг мавжуд имкониятлари, ривожланиш салоҳияти, долзарб муаммолари ва устувор йўналишлари бўйича маълумотлар йиғиш, жойларда ўрганиш ишларини амалга ошириш назарда тутилган.
Йиғилган таҳлилий маълумотлар асосида ҳудудларнинг узоқ муддатли ривожланиш истиқболларини белгилайдиган стратегик режалаштириш ҳужжатлари ишлаб чиқилади. Уларда ер ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, муҳандислик-коммуникация ҳамда транспорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш, инвестициявий жозибадорликни ошириш, шаҳарсозликни замонавий талаблар асосида ташкил этиш, аҳоли учун қулай ва хавфсиз яшаш муҳитини шакллантириш каби устувор вазифалар акс эттирилади.
Учрашувда мазкур лойиҳани сифатли ва белгиланган муддатларда амалга ошириш, барча манфаатдор ташкилотлар билан яқин ҳамкорликни таъминлаш ҳамда Жиззах вилоятининг барқарор ва комплекс ривожланишига хизмат қиладиган замонавий режалаштириш ҳужжатларини тайёрлаш юзасидан фикр алмашилди.





