ҒАЛЛАОРОЛДА ИННОВАЦИОН БОҒДОРЧИЛИК РИВОЖЛАНМОҚДА
2026-07-13 11:00:00 / Янгиликлар

Шу мақсадда BMB HOLDING таркибидаги BMB GARDENS корхонаси томонидан Ғаллаорол туманида сув таъминоти чекланган, узоқ йиллар давомида фойдаланилмаган лалми ерларни ўзлаштириш ҳамда интенсив боғдорчиликни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Туманнинг «Чаянли» маҳалласи ҳудудида «яшил иқтисодиёт» тамойиллари асосида ташкил этилган интенсив боғ лойиҳаси ҳудуд аграр салоҳиятини юксалтириш, замонавий саноат боғдорчилиги инфратузилмасини шакллантириш ҳамда фойдаланилмаган ерларни самарали иқтисодий айланмага киритишга хизмат қилмоқда.
Лойиҳанинг ўзига хос жиҳати шундаки, хориждан келтирилган ҳамда in vitro лаборатория технологияси асосида етиштирилган юқори экспортбоп «Батерма» навли олча (гилос) кўчатлари маҳаллий иқлим шароитига мослаштирилган ҳолда экилган. Ушбу кўчатлар касалликларга чидамлилиги, эрта ҳосилга кириши ва лалми ер шароитига юқори даражада мослашувчанлиги билан ажралиб туради.
Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида боғда тўлиқ автоматлаштирилган томчилатиб суғориш тизими жорий этилган. Бу технология сув сарфини сезиларли даражада қисқартириш билан бирга, ўғит ва озуқа моддаларини тўғридан-тўғри ўсимлик илдизига етказиш имконини беради. Натижада тупроқ эрозиясининг олди олиниб, ҳатто мураккаб иқлим шароитида ҳам кўчатларнинг барқарор ўсиши таъминланмоқда.
Лойиҳа тўлиқ қувватда ишга туширилгач, юқори ҳажмда экспортбоп маҳсулот етиштириш, ташқи бозорларга етказиб бериш ҳажмини ошириш ҳамда маҳаллий аҳоли учун янги доимий ва мавсумий иш ўринларини яратиш имконияти кенгаяди.
Ғаллаорол туманида инновацион технологиялар асосида барпо этилаётган бундай интенсив боғлар мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий самарасидир.
