«Green Farm» — Жиззах қишлоқ хўжалиги учун янги имкониятлар эшиги
2026-07-10 17:00:00 / Янгиликлар

Бу борада Корея Республикасининг K Farm Solution ва «Doohyun E&C Co., Ltd.» компанияси билан бошланган мулоқотлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев мазкур компания вакиллари билан ўтказган учрашувда вилоятда амалга оширилиши режалаштирилаётган «Green Farm» лойиҳасининг мазмун-моҳияти, унинг амалий аҳамияти ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Мутахассислар таъкидлаганидек, лойиҳанинг асосий мақсади қишлоқ хўжалигида сув таъминотини яхшилаш, ер унумдорлигини ошириш ва илғор агротехнологияларни жорий этиш орқали фермерлар меҳнати самарадорлигини юксалтириш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишдан иборат. Энг муҳими, мазкур ташаббус тижорат манфаатини эмас, балки ижтимоий аҳамиятга эга инфратузилма лойиҳаси сифатида маҳаллий аҳоли ва фермерлар манфаатларига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Лойиҳа доирасида сув ресурсларини бошқаришнинг янги механизмларини жорий этиш, аҳоли ва қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун замонавий сув тозалаш тизимларини ўрнатиш, юқори самарадорликка эга сув фильтрларини маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш ва уларга сервис хизматини ташкил этиш режалаштирилган.
Шунингдек, тупроқ унумдорлигини оширувчи инновацион материалларни ишлаб чиқариш, чорвачилик учун мустаҳкам озуқа базасини шакллантириш, IoT технологиялари асосида сув сифати мониторингини йўлга қўйиш ҳамда замонавий агротехнологиялар бўйича маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш ҳам лойиҳанинг устувор йўналишлари сифатида белгиланган.
Учрашув давомида вилоят ҳокими Жиззахнинг табиий шароити ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда қатор муҳим таклифларни илгари сурди. Жумладан, «Яшил макон» умуммиллий дастури доирасида қир-адир ҳудудларини кўкаламзорлаштириш, сув танқислиги кузатиладиган майдонларда томчилатиб суғориш технологияларини кенг қўллаш, ичимлик суви ҳамда оқова сувларни Кореянинг илғор технологиялари асосида тозалаш тизимларини жорий этиш, сувнинг қаттиқлик даражасини камайтириш, шунингдек, Айдаркўлнинг шўр сувини қишлоқ хўжалигида фойдаланиш мумкин бўлган даражада чучуклаштириш бўйича илмий-амалий изланишларни ташкил этиш муҳимлигини таъкидлади.
Мазкур ташаббус нафақат қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш, балки сув ресурсларини тежаш, экологик мувозанатни сақлаш ва «Яшил макон» дастури мақсадларини рўёбга чиқаришга ҳам муносиб ҳисса қўшади. Лойиҳада атроф-муҳит муҳандислиги соҳасида катта тажрибага эга мутахассислар иштирок этаётгани эса унинг илмий ва техник жиҳатдан пухта ишлаб чиқилаётганидан далолат беради.
Халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инновацион ечимларни амалиётга татбиқ этиш ва илғор технологияларни жалб қилиш орқали Жиззах вилоятида қишлоқ хўжалигининг янги босқичга кўтарилиши учун мустаҳкам замин яратилмоқда. «Green Farm» лойиҳаси эса ана шу эзгу мақсадларга хизмат қиладиган истиқболли ташаббуслардан бири сифатида эътироф этилмоқда.






