Жиззахда ташкил этилган муҳандислик мактаби автомобилсозлик соҳаси учун кадрлар тайёрлашнинг янги моделига айланмоқда
2026-06-23 08:25:00 / Янгиликлар

Президент ташрифидан сўнг белгиланган вазифалар амалда ўз ифодасини топиб, таълим, ишлаб чиқариш ва инновацияларни бирлаштирган янги тизим шаклланмоқда.
Бугун рақобатбардошлик, аввало, инсон капитали сифати билан белгиланади. Шу нуқтаи назардан, Жиззах политехника институти ҳузурида ташкил этилган Муҳандислик мактаби мамлакат саноат тараққиётидаги муҳим лойиҳалардан бирига айланди.
2025–2026 ўқув йилидан бошлаб “Ўзавтосаноат” АЖ, “BYD Uzbekistan Factory” қўшма корхонаси ҳамда “АДМ Жиззах” автомобиль заводи билан ҳамкорликда Муҳандислик мактаби фаолияти йўлга қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 2 декабрдаги ташрифи мазкур ташаббусни янги босқичга олиб чиқди.
Муҳандислик мактабининг асосий мақсади — автомобилсозлик ва ишлаб чиқариш тармоқлари учун замонавий технологияларни пухта ўзлаштирган, халқаро талабларга жавоб берадиган муҳандис кадрларни тайёрлашдир.
Бу вазифа тўртта устувор йўналиш асосида амалга оширилмоқда. Дуал таълим тизими асосида ҳар йили 150 нафардан ортиқ муҳандис тайёрланмоқда. Йилига 300 нафаргача мутахассис малакасини оширмоқда. Қисқа муддатли курсларда 250 нафар фуқаро замонавий касбларга ўқитилмоқда. Шунингдек, ҳар йили 200 нафаргача ёшлар ва тадбиркорлар касб-ҳунар йўналишларида малака оширмоқда.
Муҳандислик мактабида 16 та янги таълим дастури жорий этилган. Энг муҳим инновацион лойиҳалардан бири — автомобиль ишлаб чиқаришнинг асосий босқичларини қамраб олган мини-конвейер линияси ҳисобланади. Бу ерда талабалар ҳақиқий ишлаб чиқариш муҳитига яқин шароитда амалий кўникмаларни эгаллаб, роботлаштирилган ускуналар, сифат назорати, “Lean Manufacturing” тамойиллари ва меҳнат хавфсизлиги бўйича тажриба орттирмоқда.
Шу билан бирга, машинасозлик технологияси, электрон техникаларни монтаж қилиш ва созлаш, электротехника воситаларига хизмат кўрсатиш, компьютер графикаси ва мультимедиа тизимлари, компьютер инжиниринги ҳамда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш каби олтита йўналиш бўйича касбга тайёрлаш ишлари йўлга қўйилган. Битирувчиларга берилаётган касбий сертификатлар уларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини оширмоқда.
Муҳандислик мактаби ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни ҳам амалга оширмоқда. Жумладан, ижтимоий ҳимоя реестридаги оилалар фарзандлари учун “Замонавий электромобилларга техник хизмат кўрсатиш” дастури бўйича махсус курслар ташкил этилди.
Шунингдек, Тошкент шаҳридаги 1-сонли техникумнинг 32 нафар ўқувчиси учун махсус курс ўтказилди. Уларнинг 14 нафари билан Жиззах политехника институтига суҳбат асосида қабул қилиш бўйича келишувга эришилди. Тингловчиларнинг “BYD Uzbekistan Factory” қўшма корхонасидаги амалиёти ҳам ташкил этилди.
Бугунги кунда Муҳандислик мактаби Тошкент шаҳрининг Чилонзор ва Сергели туманлари техникумлари ҳамда Урганч техникуми билан ҳамкорлик қилмоқда. Бу тажрибани республика миқёсида кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Мутахассислар фикрича, мазкур тажриба таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясининг самарали намунасини яратмоқда. Энг муҳими, кадрлар тайёрлаш жараёни меҳнат бозори эҳтиёжларидан келиб чиқиб ташкил этилмоқда. Жиззахда шаклланаётган мазкур тажриба Янги Ўзбекистонда илм-фан, инновация ва саноат уйғунлиги асосида рақобатбардош иқтисодиёт учун инсон капиталини шакллантиришга қаратилган стратегик ёндашувнинг амалий ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда.
