🎥 Видеорепортаж: Жиззах усули асосидаги инновацион ёндашувлар самараси улароқ ғалла режаси 15 кунда бажарилди
2026-06-22 16:00:00 / Янгиликлар

Йиғилишда вилоят раҳбари, аввало, барча ғаллакорларни мамлакатда биринчилардан бўлиб шартномавий режани атига 15 иш кунида бажаргани билан самимий табриклади.
— Аввало, барчангизни республикада биринчилардан бўлиб ғалла бўйича шартномавий режани 15 иш кунида бажарганингиз билан табриклайман. Эришилган натижалар ортида фермерлар, деҳқонлар ва барча меҳнаткашларнинг фидокорона меҳнати мужассам, — деди Улуғбек Мустафоев.
Жорий йилда вилоятда жами 180,4 минг гектар майдонга бошоқли дон экинлари экилди. Шундан 80,4 минг гектари сувли, 100 минг гектари лалми ерлар ҳиссасига тўғри келади.
Ушбу майдонлардан 950 минг тоннадан зиёд дон етиштириш режалаштирилган бўлиб, унинг умумий қиймати қарийб 3 триллион сўмни ташкил этади. Бугунги кунга қадар сувли майдонларнинг 69,4 минг гектарида ўрим-якунланиб, ўртача ҳосилдорлик 100-120 центнерни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилги 85 центнерлик натижадан анча юқори.
Қолган майдонлардан яна 100 минг тоннадан зиёд ҳосил олиниши кутилмоқда.Бу йил вилоятда 126 нафар фермер ҳар гектардан 100 центнердан зиёд ғалла ҳосили етиштиришга эришди. Қолган фермер хўжаликларининг аксариятида ҳосилдорлик 85-90 центнер атрофида бўлди.
Жумладан, қуйидаги фермер хўжаликлари Мирзачўл туманидаги «Қуёшли водий» — 120 центнер,Зарбдор туманидаги «Ютуқ майдони»— 109 центнер, Пахтакор туманидаги «Муҳаммадкарим шодоси»— 106 центнер, Дўстлик туманидаги «Жавоҳир жамоли»— 105 центнер, Зафаробод туманидаги «Мададкор қуш»— 105 центнер, Арнасой туманидаги «Суюнов Сардор»— 102 центнер ва Шароф Рашидов туманидаги «Шермат» фермер— 101 центнер ҳосилдорликка эришди.
Йиғиштириб олинган ҳосилнинг 263,9 минг тоннаси дон қабул масканларига топширилди. Бу белгиланган режага нисбатан 102,4 фоизни ташкил этди.
Шундан,119,5 минг тонна давлат ресурси учун,128 минг тонна вақтинчалик сақлаш учун ва 16,4 минг тонна уруғлик сифатида қабул қилинди.
Бундан ташқари, қўшимча 30 минг тонна дон топширилиши режалаштирилган.
Фермер хўжаликлари томонидан 56 минг тонна ғалла хўжалик ишчилари ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга хайрия тартибида тарқатилди.
Ғалладан бўшаган майдонлардан 8 минг нафар ишчига 22 минг гектар, ижтимоий дафтарларда рўйхатда турган 10,7 минг нафар фуқарога 10,1 минг гектар, жумладан, 1,6 минг нафар ёшга 1,4 минг гектар ер майдони такрорий экин экиш учун ажратиб берилди.
Бу эса аҳоли бандлигини таъминлаш, қўшимча даромад манбаларини яратиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.Мавсум давомида қатор инновацион ёндашувлар қўлланилди. Юқори ҳосилдор навлар катта майдонларга жойлаштирилиб, минерал ўғитлар билан тўлиқ таъминланди. Касаллик ва зараркунандаларга қарши агротехник тадбирлар ўз вақтида амалга оширилди.
Шароф Рашидов ва Пахтакор туманларида дронлар ёрдамида, Арнасой туманида эса бошқарувсиз агрегатлар орқали ишлов бериш бўйича илғор тажрибалар синовдан муваффақиятли ўтди.
Сув таъминоти оғир ҳудудларга алоҳида эътибор қаратилиб, 35 минг гектар майдонга сув етказиб берилди. Бунинг учун 176 километр канал тозаланди, 109 километр лоток таъмирланди, 30 та гидротехник иншоот ва 17 та насос ўрнатилди.Шунингдек, 50 га яқин янги дон ўриш комбайнлари харид қилиниб, ўрим жараёнлари GPS технологиялари ва кузатув камералари асосида ташкил этилди.
Мазкур «Жиззах усули» натижасида комбайнлар фаолияти тўлиқ назоратга олинди, уларнинг самарадорлиги оширилди ва ҳосилни қисқа муддатда йўқотишларсиз йиғиб олиш имкони яратилди.
Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, айнан шу ёндашув туфайли 84 минг тонна, яъни 269 миллиард сўмлик қўшимча ҳосил сақлаб қолинди.
Ғалладан бўшаган майдонларга шудгор қилмасдан 30 минг гектар мош ва 30 минг гектар маккажўхори экиш режалаштирилган. Бу мақсадда Хитой тажрибаси асосида махсус сеялкалар олиб келиниб, амалиётга жорий этилмоқда.





