Жиззахлик Сухроб Баҳодиров бугун Social Media Marketing соҳасида ўз келажагини қурмоқда
2026-06-22 09:30:00 / Янгиликлар

Унинг муваффақият йўли бепул ўқув курсидан бошланди.
Сухроб Баҳодиров Фориш тумани Кўҳнабозор қишлоғи, Амир Темур маҳалласида истиқомат қилади. Йигирма ёшни қаршилаган қаҳрамонимизнинг гарчи имконияти чекланган бўлса-да, умидлари, кўзлаган мақсадлари бисёр. Шароит тақозоси билан у бирон йўналишда ўқимаган ва ишсиз эди.
Ана шундай кунларнинг бирида Сухроб ёшлар учун бепул ўқув курслари ҳақидаги хабарни эшитиб, бу имкониятдан самарали фойдаланишни мақсад қилди. Манзил бўйича мурожаат қилиб СММ бўйича таълим ола бошлади.
– Бир ярим ой давом этган курслар онлайн ва офлайн шаклда ташкил этилди. Тингловчилар учун 90 та видео дарс ҳамда уч маротаба амалий машғулотлар ўтказилди, – дейди у.
Машғулотлар давомида Сухроб ижтимоий тармоқларда саҳифаларни ривожлантириш, SMM хизматларини мижозларга таклиф этиш, шунингдек, сунъий интеллект технологиялари ёрдамида видеороликлар тайёрлаш бўйича муҳим билим ва кўникмаларни эгаллади.
– Мазкур курсда ўқишим ҳаётимда катта бурилиш ясади. Бирон ерда ишлаш учун касбим ва имкониятим йўқ эди. Бепул ўқув курси ҳақида эшитганимда нимадир ўрганиш учун имконият туғилганидан жуда хурсанд бўлдим. Курсга борганимда дарслардаги ҳар бир жараённи қунт билан ўрганишга ҳаракат қилдим. Натижада шу соҳани озми-кўпми ўзлаштирдим.
Суҳроб тенгқурлари бўлган ёшларни ҳам илм олишга, доим олдинга интилишга чорлайди. У ҳар қандай ишнинг ўз қийинчилиги бўлади, лекин инсонда қатъият ва сабр бўлса, имконсиздек туйилган мақсадга ҳам эришиш мумкин, дея таъкидлади. Энг муҳими, ҳаракат қилишдан тўхтамаслик керак. ҳаракат биздан, натижа эса Яратгандан.
Ўқув машғулотларидан сўнг Суҳроб шу йўналишда бемалол фаолият бошлашини тасдиқловчи сертификатга эга бўлди. У яқин кунларда Фориш тумани ҳокимлигида SMM мутахассиси сифатида фаолият бошлашни режалаштирмоқда.
Шу билан бирга, у мобилография йўналишини ҳам ўрганиб, замонавий медиамаҳсулотлар яратиш соҳасида ўз имкониятларини янада кенгайтиришни ният қилган.
Бугун юртимизда Суҳроб каби илмга чанқоқ ёшлар учун кенг имкониятлар мужассам. Президент Администрацияси ҳузуридаги ОАВ учун Контент тайёрлаш маркази ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида жорий йилдан «SMM AI Саводхон», “Ёш мобилограф” каби лойиҳалар ҳам айнан ёшларга замонавий касбларга ўргатишга хизмат қилаётир. Лойиҳа доирасида 18-30 ёшгача бўлган юртдошларимиз учун ўқув дастури йўлга қўйилган бўлиб, унда минглаб ёшлар рақамли маркетинг ва сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлишмоқда.
Дарсларнинг камида 87 фоизини ўзлаштирган иштирокчиларга расмий сертификатлар топширилаётир. Эътиборлиси, контент маркази томонидан сертификатга эга бўлган ёшларга ўз фаолиятини йўлга қўйишлари учун ишга жойлашишларига, шу билан бирга бизнес ғояларини амалга оширмоқчи бўлганларга 50 миллион сўмгача имтиёзли молиявий кўмак берилаяпти.
Ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги бу каби лойиҳаларни яна кўплаб мисол келтирса бўлади. Муҳими, келажагимиз эгалари имкониятлардан унумли фойдаланиб, ватанига муносиб фарзанд бўлишга интилишса бас.
