Жиззах вилоятида ипотека субсидияларини ўзлаштириш даражаси юқори кўрсаткични қайд этмоқда
2026-06-22 09:00:00 / Янгиликлар

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотига кўра, ушбу даврда республика бўйича 21 минг 553 нафар фуқаро ипотека кредити олган. Шунингдек, ипотека дастурлари доирасида 6 минг 929 нафар фуқарога жами 622,8 миллиард сўм миқдорида субсидия тўлаб берилган.
Субсидияларни ўзлаштириш даражаси бўйича ҳудудлар рейтингида Жиззах вилояти етакчи ҳудудлар қаторида қайд этилди. Вилоятда мазкур кўрсаткич 31 фоизни ташкил этиб, Хоразм вилоятидан кейинги ўринни эгаллади. Бу эса ҳудудда аҳолининг ипотека дастурларидан самарали фойдаланаётганини кўрсатади.
Маълум қилинишича, республика миқёсида ипотека кредитининг энг юқори миқдори 380 миллион сўмни, ўртача кредит миқдори эса 296,5 миллион сўмни ташкил этган. Тошкент шаҳрида ушбу кўрсаткичлар мос равишда 480 миллион ва 352 миллион сўмга тенг бўлган.
Шу билан бирга, субсидияли ипотека кредитлари ажратилиши улуши бўйича «Бизнесни ривожлантириш банки» 59 фоиз билан етакчилик қилмоқда. Кейинги ўринларда «Ипотекабанк» (54 фоиз), «Туронбанк» (52 фоиз), «Агробанк» (49 фоиз) ва «Алоқабанк» (45 фоиз) қайд этилган.
Уй-жойга бўлган эҳтиёжни қондириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш ва ипотека дастурларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасида Жиззах вилоятида ҳам тизимли ишлар изчил давом этмоқда.
