Халқаро медиа мактабда жиззахлик журналист иштирок этди
2026-06-22 08:30:00 / Янгиликлар

Кенг кўламли таълим лойиҳаси Ўзбекистон, Қирғизистон, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Арманистон ва Ҳамдўстликнинг бошқа давлатларидан 100 нафардан ортиқ ёш журналист, блогер ва медиа мутахассисларини бирлаштирди.
Иштирокчилар орасида Жиззах вилояти вакили — журналист, вилоят Автомобиль йўллари бош бошқармаси матбуот котиби Сардор Ҳамрақулов ҳам бор эди.
Тўрт кун давомида қатнашчилар журналистиканинг замонавий тенденциялари билан танишдилар, медиа соҳада сунъий интеллект имкониятларини ўргандилар, шахсий брендни ривожлантириш бўйича билим олдилар, тажриба алмашдилар ҳамда рақамли оммавий ахборот воситаларининг келажагини муҳокама қилдилар.
Машғулотлар очиқ мулоқотлар, маҳорат дарслари ва амалий тренинглар шаклида ташкил этилди. Ўз билим ва тажрибалари билан МДҲ мамлакатларининг таниқли экспертлари ва медиа соҳаси мутахассислари ўртоқлашдилар. Айниқса, бугунги кунда журналистлар ва блогерлар фаолиятини тубдан ўзгартираётган янги технологияларга алоҳида эътибор қаратилди.
Таълим дастуридан ташқари иштирокчилар Бишкек шаҳри билан ҳам яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар. Шаҳарнинг кўркамлиги, яшил ҳудудлари, замонавий қиёфаси, аҳолининг меҳмондўстлиги ва обод кўчалари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Форумнинг энг ёрқин воқеаларидан бири Сардор Ҳамрақуловнинг Бишкек шаҳри мэри Айбек Жунушалиев билан ўтказган интервьюси бўлди. Суҳбат давомида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорлик, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, гуманитар алоқаларни ривожлантириш ҳамда халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашда журналистиканинг ўрни ҳақида фикр алмашилди.
Сардор Ҳамрақулов ўз таассуротлари билан ўртоқлашар экан, шундай деди:
— Мен учун медиа-мактабда иштирок этиш катта тажриба бўлди. Бу ерда турли мамлакатлардан келган иқтидорли журналистлар билан танишдим, янги билимларга эга бўлдим ва замонавий журналистика қанчалик тез ўзгариб бораётганини кўрдим. Айниқса, ҳамкасблар ва экспертлар билан юзма-юз мулоқот қилиш жуда қадрли бўлди. Бундай учрашувлар нафақат касбий жиҳатдан ўсишга, балки халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Унинг таъкидлашича, медиа-мактаб янги танишувлар, ғоялар алмашинуви ва қўшма лойиҳаларни шакллантириш учун муҳим майдон вазифасини ўтади. Кўплаб ёш журналистлар келгусида ҳамкорлик қилиш ва биргаликдаги ташаббусларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришдилар.
Бундай халқаро лойиҳалар ёш мутахассисларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш, уларнинг дунёқарашини кенгайтириш ва турли мамлакатлар медиа ҳамжамияти вакиллари ўртасида мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйишга хизмат қилади.
Жиззахлик журналистнинг нуфузли халқаро лойиҳада иштирок этиши Ўзбекистон ёшлари жаҳон ахборот маконида фаол иштирок этаётгани ва доимий равишда касбий ривожланишга интилаётганининг яна бир исботидир.
