Жиззах вилояти делегацияси Жанубий Корея компаниялари билан инфратузилма соҳасида ҳамкорликни муҳокама қилди
2026-06-13 15:00:00 / Янгиликлар

Учрашувлар давомида делегация аъзолари мазкур компанияларнинг фаолияти билан яқиндан танишди. Хусусан, “EN Solution” компанияси Кореянинг турли шаҳарларида аҳоли оқова сувларини йиғиш ва чиқариш тизимига ихтисослашган 28 та иншоот филиалига эга экани қайд этилди.
Олиб борилган музокаралар чоғида Жиззах вилояти инфратузилмасини янада такомиллаштириш, аҳоли оқова сувларини йиғиш, тозалаш ва қайта ишлаш, шунингдек, тозаланган сувдан қишлоқ хўжалигидаги суғориладиган ер майдонларини сув билан таъминлашда самарали фойдаланишга қаратилган лойиҳани амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунлари бўйича мазкур лойиҳани Жиззах вилоятида амалга ошириш юзасидан дастлабки келишувга эришилди. Шунингдек, компания вакилларининг жорий йил июль ойида вилоятга ташриф буюриб, лойиҳани амалий жиҳатдан ўрганиши ҳамда ҳамкорликнинг кейинги босқичларини белгилаши режалаштирилган.
Мазкур ҳамкорлик Жиззах вилоятида коммунал инфратузилмани модернизация қилиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида замонавий технологияларни жорий этишга хизмат қилиши кутилмоқда.






